Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 январь куни «Жўшқин Гужарат – 2019» IX халқаро инвестиция саммитида иштирок этиш учун Ҳиндистонга жўнаб кетди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Саммитнинг асосий тадбирлари эртага, 18 январь куни бўлиб ўтади.
Давлат раҳбари саммит ялпи сессиясида нутқ сўзлайди, шунингдек, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан музокара ўтказади.
Нарендра Моди ташаббуси билан 2003 йилдан буён Гужарат штати маркази Гандинагар шаҳрида ўтказиб келинаётган «Жўшқин Гужарат» саммити минтақадаги энг йирик халқаро форумлардан бири ҳисобланади.
Ҳиндистон фармацевтика саноати маркази бўлган Гужаратда дунёдаги энг илғор компаниялар фаолият юритади. Саммит доирасида улар билан Ўзбекистон компаниялари ва ҳудудлари ўртасида савдо ва бизнесни кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилади.
Изоҳ (0)