Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси темир йўлларини ривожлантириш масаласида дунёдаги энг йирик юк ташувчи компаниялардан бири Deutsche Bahn билан ҳамкорлик қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда қўмита раисининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов Халқаро пресс клубнинг бугун, 9 январь куни бўлиб ўтган сессиясида маълум қилди, деб хабар берди «Дарё» мухбири Севара Нишонова.
«Deutsche Bahn Германия ҳукуматига тегишли бўлган йирик компания. Биз ҳозир Deutsche Bahn билан Ўзбекистон темир йўлларини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш учун компания мутахассислари ва машалатчиларни жалб қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқдамиз.
Ўйлайманки, Германия компаниясида бундай корхоналарни қайта тузиш бўйича мавжуд тажриба «Ўзбекистон темир йўллари» фаолиятини оптималлаштириш ва унинг самарадорлигини оширишга ёрдам беради.
Умид қиламизки, Deutsche Bahn’ни жалб қилиб, темир йўлларнинг самарадорлигини ошира оламиз», — дейди Лазиз Қудратов.
Маълумот учун, Deutsche Bahn 2017 йилда 4,6 миллиард нафар йўловчини ўз манзилига элтиб қўйган. Компаниянинг ўша йилдаги даромади 42,7 миллиард еврони ташкил қилган.
Изоҳ (0)