Кўчаларда самарали табобат усуллари, тезкор озиш курслари, ҳамма нарсани даволовчи аппаратлар ва хориждан келган жарроҳлар ҳақида эълонларни кўп учратамиз. Лекин бундай эълонларга ишониб бўладими? «Дарё» колумнисти Абдулазизхон Акрамов шу ҳақда фикр юритади.
Бемор одам борки, атрофдаги барча нарсадан ўзининг дардига шифо излайди. Кўчадан эшитилган маслаҳат ва тавсия кўпинча малакали тиббий консултациядан кўра кўпроқ ишонч уйғотади. Айнан шундан кўпчилик «бизнесменлар» унумли фойдаланади.
Аксарият ижтимоий тармоқларда ва деворларга ёпиштирилган эълонларда қуйидаги мазмундаги гапларга кўзингиз тушади:
«Космонавтларни текширадиган позитрон аппаратида соғлиғингизни текширинг. Бу энг аниқ кўрсатади ва бутун бошли организмни синчиклаб текширади. Бизнинг клиникамизда пайшанба ва шанба кунлари мутлақо бепул!»
Ёки мана бунақа:
«Зарарсиз озмоқчимисиз ёки чиройли семирмоқчимисиз? Биздаги малакали диетолог бепул маслаҳатлар беради. Ўлчовлар хам мутлақо бепул. Шошилинг».
Бу эълонлардаги «бепул» сўзи мўъжизавий қудратга эга бўлиб, кўпинча соғлом фикрлашга тўсқинлик қилади. Келинг, ҳозирги кунда оммалашиб бораётган тиббий фирибгарликларни биргаликда фош қиламиз.
Маркетинг ҳозирги кунда харидор (бемор) талабини жуда яхши ўрганган. Реклама ва бошқа йўллар орқали бу талабни чархлаб, оширади ва шу орқали манфаат топади. Содда қилиб айтганда, у харидордаги эҳтиёжни маълум мақсадли йўналишга солади. Агар эҳтиёж бўлмаса, уни пайдо қилади. Эҳтиёж бўлса, уни актуаллаштиради. Ва якунида ўзи кўзлаган ечимни сизга таклиф қилади. Масалан сиз соғломсиз. Демак сизда дорига ёки биоқўшимчаларга эҳтиёж йўқ. Маркетинг бу ерда сизда аввал эҳтиёжни шакллантириши керак. У тахминан қуйидагича йўл тутади. «Сиз соғломсиз. Аммо шу соғломликни доимо сақлаб қолишни истайсизми? Бутун умр шу ёшлик ва навқирон бўлишничи?»
Бу саволлардан сўнг сизда албатта ҳозирги ҳолатингизни сақлаб қолиш, бошқачароқ айтганда, эҳтиёж шаклланди. Масалан, сизнинг вазнингиз меъёрдан кўра беш килограмм оғир. Сиз озишни истайсиз. Энди маркетинг семиришни зарарлари,асоратлари тўғрисида сизга маълумот беради ва шу билан бирга қисқа вақтда озишни таклиф қилади.
Лекин ҳақиқат шундаки, бу ечимлар кўпинча асоссиз ва самарасиз бўлиши мумкин. Демак, асосий маркетинг ўйинлари билан танишиб чиқсак.
- Мўъжизавий диагностик аппарат.
Кўпинча бу аппаратлардаги текширувларни ёки бепул қилиб қўйишади ёки арзонга текширишади. Ечимни эса ўзларини дориларини таклиф қилиш орқали кўрсатишади.
- Мўъжизавий дори ва биоқўшимчалар.
Дори ёки BAD ҳақида ҳам ажойиб афсоналар тўқиш мумкин. Масалан, бу дори Ҳимолай тоғининг чўққисида ўсадиган замбуруғ илдизидан ёки Африкадаги илоннинг ёғидан олинган дейишади. Инсон психологиясида қиммат, номаълум ва камёб нарса кучлироқ тасир кўрсатади деган тушунча бор. Шу тушунчадан фирибгарлар унумли фойдаланади. Қўшимчасига интернетдан топилган расмлар ва фикрлар билан бойитади. Қарабсизки, аслида 10 сўмга арзимайдиган дорини 100 сўмга сотиб оласиз. Энг қизиғи, яқинларингизга ҳам буни тавсия қиласиз. Шу билан улар бизнеси юриб кетади.
- Афсонавий шифокорлар.
Масалан, мен хусусий клиника очганман ёки юқорида айтилганидек дориларимни ўткизмоқчиман. Бунинг учун мўъжизавий аппарат ўрнига «кучли чет эллик мутахасис»ни жалб қилиш менга фойдалироқ бўлади. Сабаби — халқ кўпроқ шунга ишонади. Бунинг учун, дейлик, Ҳиндистонга бораман. Оддийроқ клиникада арзон-гаровга ишловчи мутахассис топаман. У билан маълум пул эвазига келишаман. Ўзбекистонга олиб келаман. Ана энди рекламада унинг сурати ва у ҳақдаги афсоналарни баён қиламан: «Ҳиндистонлик кучли мутахассис, минглаб беморларни операция қилган, ўз соҳасида илмий иш қилган, жаҳонда 15-ўринда турувчи жарроҳ Ананд Капур текширувига шошилинг!»
Ким текшириб ўтирибди у кучли ёки кучсиз мутахассис эканлигини? Шундай экан, ҳар доим ҳам чет элдан келган шифокорларга ишонавериш ярамайди.
- Ҳар хил тақинчоқлар.
Хулоса қилиб айтганда, ҳар қандай мўъжизавий, тез таъсир кўрсатади деб айтилган, ёшартирадиган, оздирадиган, айниқса бепул тиббий хизматлар тагида маркетинг ўйинлари ётади. Соғлиғингизни ақлингиз билан ҳимоя қилинг.
Изоҳ (0)