Андижон вилояти Пахтаобод туман адлия бўлимига туман тиббиёт бирлашмаси туғруқхона бўлими ходимлари ойлик маошларига устама хақлари тўланмасдан келаётганлиги юзасидан мурожаат қилди. Бу ҳақда вилоят Адлия бошқармаси ахборот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Ариза асосида ўтказилган ўрганиш ишлари давомида тиббиёт бирлашмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги «Тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида»ги 276-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси давлат муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари тўғрисидаги» Низом талабларига зид равишда 26 нафар туғруқларни қабул қилиб олиш билан боғлиқ врачлар ва ўрта тиббиёт ходимларига жами 58 167 176 сўм устама ҳақлари тўланмасдан келганлиги аниқланди.
Ушбу ҳолат юзасидан адлия бўлими томонидан Фуқаролик ишлари бўйича Избоскан туманлараро судига даъво ариза киритилди. Туғруқ бўлимида ўтказилган сайёр суд мажлисида даъво аризаси қаноатлантирилиб, юқорида қайд этилган устама ҳақлари тўлиқ ундириб берилди.
Изоҳ (0)