Кинотанқидчилар томонига айтиладиган эътирозлар ичида энг кўп янграйдиганларидан бири — «Кинони Мусоқов олса тамом, мақтайверасизлар». Балки бу гапда жон бордир. Лекин бошидан айтиб қўяй — мен «мусоқовчи» эмасман. Айтайлик, унинг уруш ҳақидаги бошқа бир фильми — «Ватан» мени ҳеч нарсаси билан ҳайрон қолдира олмаган. Лекин 19 декабрь куни премьераси бўлиб ўтган «Берлин – Оққўрғон» менда чуқур таассурот қолдирди. Кинотеатрдан чиқибоқ қоғоз қоралаб, мақтовларни қалаштириб ташлагим келди — шунинг учун ҳам ўзимни тийиб, вақт ўтишини кутдим. Энди, совуқ каллага нима ёқди-ю, нима ёқмади — батафсил тушунтиришга ҳаракат қиламан.
Таъкидлаб ўтиш керак бўлган биринчи нарса — кўриб чиқилаётган фильм авваламбор санъат асари, томошабинни завқлантириб, касса тўплашга қаратилган блокбастер эмас. Шунга қарамай, у кенг омма тушунадиган йўсинда, замонавий ва томошабоп қилиб олинган. Бу икки жиҳатни ўзида жипслаштирадиган фильмлар ўзбек кинематографида йўқ ҳисоби: «ақлли» фильмлар артхаус форматида, зерикарли қилиб олинади, томошабоп фильмларда эса маъно-мантиқ ўлиб кетади.
Иккинчи жиҳат — санъат асари мукаммал бўлмаслиги ҳам мумкин. Бу билан фильм камчиликлардан холи эмас демоқчиман. Ўзи мукаммал фильм олиш деярли имконсиз. Асосийси — режиссёрда ғоя бўлган, у ўз олдига конкрет ижодий вазифа қўйган ва, айрим камчиликлар билан бўлса ҳам, бу вазифани уддалаган.
Ютуқлар
Зулфиқор Мусоқов танқидчиларидан кўп эшитганим эътирозлардан яна бири — у ҳар қанча чиройли ва маъноли фильмлар олмасин, ижодкор сифатида ўсмаяпти, янги фильмларида эски топилмаларини ва приёмларини такрорлаяпти. «Берлин – Оққўрғон» бу эътирозларга жавоб ўлароқ Мусоқовнинг ўсишини ҳам кўрсатадиган ишдир.
Бу биринчи галда картинанинг композицион қурилишида кўринади. Фильм прологида инсон хотираси кўрпа қуроқлари мисол узуқ-юлуқ эсдаликлардан иборатлиги ҳақида ҳаётий пассаж келтирилади (қуроқ кўрпа фонида). Сўнг инсон хотирасининг мана шу хусусияти кино структурасига кўчирилади, бу билан режиссёр ўз ижод маҳсули моҳиятан хотиралар инъикоси эканлигига ишора қилади. Асар танасини ташкил этувчи сюжет линиялари (Оққўрғондаги И.В. Сталин колхози – фронт; Берлиндаги икки оила – Кичик Деборанинг қасоси; Сталин; Гитлер; Марям Ёқубова – Всеволод Мейерхольд – Зинаида Райс – Михаил Чехов) яна фрагментларга бўлиниб, сочиб юборилади. Мана шундай замон ва макон аралашуви секинлик билан тартибга келиб, пировардида чиройли мозаика ҳосил қилади.
Сюжет бир-бирига бевосита боғлиқ бўлмаган бир қанча линиялардан ташкил топиши мексикалик режиссёр Алехандро Иньярритунинг энг яхши фильми (гарчи уни кўпроқ Ди Каприо иштирокидаги «Омон қолган» блокбастери туфайли танишса-да) — «Бобил»га ўхшаб кетган бўлса, бу линиялар замон ва маконда аралаштириб юборилиши Кристофер Нолан ижодини эслатиб юборди. Буни қарангки, Нолан ҳам бир йил муқаддам уруш мавзусига қўл уриб, «Дюнкерк» шедеврини яратганди.
Менда фильм ассоциациялар уйғотган яна бир санъат асари — Александр Чаковскийнинг «Қамал» романи. Бешта китобдан иборат ушбу эпопея уруш йиллари яшаган, бир-бири билан ахён-ахёнда учрашиб қоладиган, бироқ тарих тақозоси билан мустаҳкам боғланган ўнлаб тақдирлардан ҳикоя қилади. Лекин китобда баённинг чек-чегараси йўқ, кинода эса хронометражни ҳисобга олмаса бўлмайди. Шундай экан, 100 дақиқа давом этадиган фильмда ўнлаб персонажларни очиб беришга вақт етмаслиги мумкин. Бу муаммони ҳал қилиш учун ижодкорлар одатда ҳужжатли баёнга мурожаат этади, яъни катта-катта воқеалар ҳужжатли фильмлардагидек кадр ортидаги овоз билан тавсифланиб, ўтказиб юборилади. «Берлин – Оққўрғон»да ҳам ҳужжатли эпизодлар бор, лекин улар унча кўп бўлмагани учун бадииятга жиддий таъсир кўрсатмаган.
Нисбатан кам вақт ичида кўплаб образларни очиб беришда қўл келадиган яна икки жиҳат бор. Биринчидан, актёрларнинг кўпчилиги (ҳаммаси эмас — бу ҳақда кейинроқ гаплашамиз) ўз ролларини маҳорат билан ижро этган, туйғулар ишонарли кўрсатилган. Иккинчидан, фильмнинг тарихийлиги ишни анча осонлаштирган, негаки тарихий фильмнинг контекстини, қаҳрамонлар яшаётган оламнинг шарт-шароитини тушунтиришга экран вақтини сарфлаш шарт эмас, томошабин буни тахминан билади, қаҳрамонларнинг ҳис-туйғуларини шундан келиб чиқиб талқин қилади, умуман, нимани кўришини олдиндан билади ва шунга тайёргарлик кўриб келади.
Оператор иши Мусоқов услубидаги ўзгаришларни янада яққол кўрсатиб беради. Очиғи, унинг фильмларидаги узоқ статик кадрлар фильм динамикасини секинлаштириб юборар эди. Ўзбек киночилигида азалдан узун кадрларга мойиллик бор — бу «асл» кинематографик кадр бўлгани боис телевидениедан кириб келган қисқа кадрларга эҳтиёткорлик билан қаралади. Лекин бу сафар динамик кадрлар ва йирик планлар жуда кўп бўлиб, бу фильм сюжети тез юришига ёрдам берган.
Бундан ташқари, муаллиф кино тилидан ҳам унумли фойдаланган — айрим эпизодлар рангли, айримлари оқ-қора тусда бўлиши, қаҳрамонларнинг нигоҳлари, керакли ҳаракатларни «илиб» оладиган йирик планлар, рамзлар (колхоз Сталин номига қўйилгани, свастика туширилган улкан байроқ яҳудийларнинг парда ортидан бўса амалига хизмат қилиши ва ҳоказо) шунчаки бир воқеани кўрсатиб бермай, унга қўшимча маъно ҳам юклаган.
Режиссура, постановка, операторлик иши, актёрлик ишидан ташқари, кинонинг умумий сифатини баҳолайдиган яна бир қанча критерийлар бор. Устоз Ҳамидулла Акбаровнинг ўргатишича, фильм сюжети қизиқарли эканлигини тушунишнинг осон йўли — битта-иккита эпизод тушиб қолса, умумий маъно тушунарсиз бўлиб қолади; фильмнинг ўзига хослигини баҳолашнинг осон йўли — энг муҳим эпизодларни (идеалда — бутун сюжетни) бошқа замонга ва маконга кўчиришнинг имкони бўлмаслиги керак. «Берлин – Оққўрғон»да мана шундай эпизодлар бор. Масалан, мени ўзига мафтун этган бир саҳнада Қўзивой Шодиев (Ҳасан Шуҳратов) ўрмон ичида бекиниб, ўзбекча қўшиқ айта бошлайди, фашистлар бундан ваҳимага тушиб, ҳимоя марраларини эгаллайди, сўнг Қўзивой уларни бирин-кетин ўққа тутади.
Кинематографик юмушдан ташқари, лойиҳа устида катта интеллектуал иш олиб борилгани кўриниб турибди: тарихий манбалар ўрганилган (архив ҳужжатлари, суратлар ва видеолар келтирилган), ўша даврда яшаган оддий одамлар — тарихий шахсларнинг биографияси тикланган (ҳужжатлар ва интервьюлар ёрдамида бўлса керак), замонга хос буюмлар, кийимлар ва умумий атмосфера яхши жонлантирилган. Қаҳрамонларнинг бари ўз тилида (немис, рус, ўзбек, қозоқ), Сталин (Нугзар Давиташвили) эса ҳатто грузинча таллафуз билан гапиради. Бунинг бари реализм даражасини оширади.
Сталин «яхши бола» бўлганми?
Фильм экранга чиқишидан олдин ҳам, журналистлар ва блогерлар учун ёпиқ намойиш ўтказилгандан сўнг ҳам кўп баҳсларни келтириб чиқарган масала Сталин образи бўлди. Баъзилар Зулфиқор Мусоқов Сталинни ижобий тарафдан кўрсатгани, умуман, «идеаллаштиргани» ҳақида гапирди.
Бу нарсани миямда сақлаб, тайёр бўлиб премьерага кирдим, аммо Сталин ижобий қаҳрамон деган хулосага келмадим. Тўғри, колхоз аҳолиси саҳнада Сталинни кўриб, ҳаяжонга тушади, унга талпинади; Қўзивой Шодиев ҳам қариган чоғда деворга унинг суратини осиб қўяди, суратни тушириб юборган набирасига жаҳл қилади. Лекин бу, менимча, Сталинга режиссёрнинг эмас, персонажларнинг муносабатини акс эттиради. «Доҳий»ни яхши кўришгани, илоҳийлаштиришгани бор гап. У ўлганда халқ йиғлагани ҳам ҳақиқат. Йигирма йилгина муқаддам хонликдан чиққан, эндиликда эса большевистик диктатура шароитида, тинимсиз пропаганда ичида яшаётган саводсиз ва оч-наҳор халққа бунинг учун айблов қўйиш, менимча, тўғри бўлмайди.
Аслида кинода Сталин режимининг тескари томонлари ҳам кўрсатиб кетилади. Эри арзимас сабабларга кўра «халқ душмани» сифатида қамаб ташланиб, хотини ва қизи Оққўрғонга сургун қилинган Норбоевлар оиласи; санъаткор бўла туриб сиёсат қурбонига айланган Мейерхольд (Григорий Голдман) ва Райс (Кристина Корубко) жуфтлиги, Сибирь совуғида ғайриинсоний шароитда сақланаётган тутқунлар... Ҳатто Гитлер ва Сталинга халқнинг муносабати, шахсга сиғиниш унсурлари (ҳамма ерда икки «доҳий»нинг сурати) бир хил кўрсатилади. Менимча, бу томошабин хулоса қилиб олиши учун, ўша замон сиёсатининг асл қиёфасини тушуниши учун етарли. Сталин шахсининг ўзига келадиган бўлсак, нафақат у, балки Гитлер (Рудольф Шварценберг) ҳам анча босиқ ва ақлли қилиб тасвирланган, ва бу нарса тарихий ҳақиқатга мос келади. Шахсий ҳаётда, билсангиз, ёмон одамнинг ўзи йўқ: ҳаммамиз ҳам суюкли фарзанд, меҳрибон ота, ардоқли ёрмиз. Инсонни инсонийликдан чиқарадиган, бўлиниш ва адоватни келтириб чиқарадиган нарса — бу ғоя. Ажойиб дўст ва оила аъзоси бўлмиш шахснинг миясига бирор-бир сиёсий, миллий, ирқий ва ҳоказо ғоя ўрнашиб қолса борми, у одамларни «ўзимизники» ва «бегона»га ажрата бошлайди, бу бўлиниш ахийри қонли ихтилофларга олиб келади. Большевизм ҳам, нацизм ҳам мана шундай бўлинишга, қарши қўйишга асосланган идеологиялар эди.
Тўғри, фильмда большевизмнинг жиноятларига нацизм жиноятларига нисбатан кам эътибор қаратилган. Нацизм, антисемитизм, холокост мавзуларига бутун бошли сюжет чизиғи бағишланган. Лекин буни бир томонни оқлаш деб тушунмаслик керак. Нацизм жиноятлари зинҳор большевизм жиноятларининг кўламини камайтириб қўймайди. Гитлер СССРга ҳужум қилган куни, 1941 йил 22 июнда сўзлаган нутқида Черчилль ҳам «нацизм режимини коммунизмнинг энг ёмон иллатларидан ажратиб бўлмаслиги»ни, лекин айни пайтда у «ўз ватани остонасини қўриқлаб турган рус аскаринигина» кўраётганини ва шу боис маданиятли инсоният СССРга ёрдам бериши лозимлигини таъкидлаб ўтган эди. Фильмда ҳам шуни эслатувчи нуқтаи назар — Сталинга бўлган зиддиятли муносабат ва Иккинчи жаҳон урушига романтик ёндашув акс этган.
Гап шундаки, ўз еридан, қишлоғидан, оиласидан узиб олиниб, фронтга олиб кетилган ёшларнинг жанговар руҳини кўтариш учун уларга ватан, Сталин, ғалаба, коммунизм сингари тушунчалар ёнма-ён қўйиб сингдирилган. Ватанни Сталин билан, ғалабани унинг доно қарорлари билан боғлаш одат бўлиб қолганки, ҳатто сиёсат қурбонлари бўлган одамлар ҳам «доҳий»ни яхши кўришда давом этган. Бу пропаганданинг кенг тарқалган приёмлари бўлиб, улар билан бугун ҳам тўқнаш келамиз. Бир имзо билан тақдирларни ўзгартириб юборган, бутун бошли авлодларнинг ёшлиги ва салоҳиятини қурбон қилган ва айни дамда омманинг меҳрини қозонган майда «доҳийча»лар бугун кам деб ўйлайсизми?
Фильмда мана шундай ҳолат кўрсатиб берилган: Қўзивойнинг ишқи қатағон қурбони бўлмиш қизга — Гулшода Норбоевага (Райҳон Асадова) тушади, сўнг қиз ҳеч қандай сабабсиз ўн йиллик қамоққа ҳукм қилинади; Қўзивой бу ҳукмга қарши чиқиб, қизни қутқариб қолади; шунча ишларга қарамай, Қўзивой кексалик чоғида (Аҳрор Раҳимов) ҳам Сталинни ўз доҳийси деб билади. Бу — индивидуал қараш, бир кишининг нуқтаи назари. У тарих хулосасига мос келмаслиги мумкин.
Тарих эса аллақачон Сталинга ҳам, Гитлерга ҳам етарли баҳо бериб бўлган. Бу иккиси ҳам инсоният тарихидаги энг қонхўр раҳнамолардан саналади. СССРда ҳам Рейх концлагерларидан қолишмайдиган концлагерларда ўн минглаб одамлар ғайриинсоний шароитда сақланган; Сталин даврида мамлакат ҳудудидаги барча миллатларнинг зиёли қатлами йўқ қилинган, миллионлаб одамлар ўлдирилган, ўн миллионлаб одамларнинг тақдири синдириб юборилган. Доимий очликда, уруш гирдобида, сиёсий қатағонлар шароитида яшаган одамлар эса бу қийинчиликларнинг туб илдизи ҳақида ўйлаб кўришга ҳар доим ҳам улгурмаган, зеро пропаганда уларга Сталиннинг доҳийлигини сингдирган. Бундай мисолларни бугун ҳам ўз атрофимизда кўришимиз мумкин. Ўз оиламдан мисол келтирсам. Бобом 40-йилларда Сталинград остонасидаги жангларда қатнашаётганида унинг халқи — қримтатарлар, 200 мингдан ортиқроқ одам сохта айблов билан депортация қилинди. Уларнинг ярмига яқини очликдан ва касалликлардан қирилиб кетди, қолгани эса далаларга бошпанасиз ва овқатсиз ташлаб кетилди; маҳаллий аҳоли уларга овқат бериши тақиқланди; мактаблардан болалар олиб келиниб, қримтатарлар уларга «халқ душманлари» сифатида кўрсатилди, қариялар ва аёллар калтаклатилди. Мана шундай кулфатларни ўз кўзи билан кўрган бобом, шуларга қарамай, умрининг охиригача коммунизмга содиқ қолди. Бугунги илғор, ривожланган замон баландлигидан туриб бобом тўғри ё нотўғри қилган дея баҳо беришим ўринли бўлармикин?
Сталин ҳақидаги хотиранинг ардоқланиши, юқорида айтилганидек, Иккинчи жаҳон урушидаги ғалаба билан ҳам боғлиқ. Бу икки тушунча бир-бирига чамбарчас боғланиб кетганки, айримлар уларни айро тасаввур этолмайди. Бугунги тарихчиликда бу борадаги фикрлар ҳам зиддиятли. Кўпгина замонавий тарихчилар аслида бу икки буюк ёвузлик ўртасидаги кураш бўлганини, кичикроқ ёвузлик каттароғини енганини, ўзбеклар, тожиклар, озарбайжонлар ва бошқалар шунчаки ўз мустамлакачиларига олд сафдаги арзон куч («пушечное мясо») бўлиб хизмат қилганини, ғалаба СССР халқларини бахтли қилиб юбормаганини, аксинча, қатағонлар, очлик ва инқирозлар давом этганини эътироф этади. Бундай баҳо, табиийки, айримларнинг жаҳлини чиқариши мумкин, ахир улар учун ғалаба яқин тарихдаги энг буюк воқеа ва фахр-ифтихор манбаи бўлиб қолган.
Фильмда Иккинчи жаҳон уруши айнан шу нуқтаи назардан кўриб чиқилади. Ҳатто шу йўналишдаги аргументлар келтирилади. Масалан, Қўзивой тушида қишлоғига фашистлар келиб, яқинларини (Сейдулла Молдаханов, Раъно Шодиева, Райҳон Асадова, Маҳлиё Асқаралиева, Фатҳулла Масъудов ижросида) ўлдиришини кўриб, чўчиб тушади ва жанг қилишга куч топади («фашистлар сенинг уйингга ҳам етиб боради» деган риторика большевиклар томонидан аскарларнинг руҳини кўтаришда кўп қўлланилган); бундан ташқари, Рейхнинг бир ҳужжати тилга олинади — ушбу ҳужжатда айтилишича, юздан ортиқ халқ, улар орасида руслар, украинлар, ўзбеклар ва бошқалар юз фоиз қириб ташланиши нацистларнинг режасида белгиланган экан. Бу ҳужжатни айрим рус тарихчилари байроқ қилиб, шу йўл билан ғалабанинг аҳамиятини янада ошириб кўрсатишга (худди аҳамияти бусиз камдай) ҳаракат қилади, лекин жаҳон тарихчилиги бу борада ҳам зиддиятли фикрларга тўла.
Аслида Гитлер, кинонинг ўзида ҳам айтиб ўтилганидек, анча босиқ, ақлли ва айёр сиёсатчи бўлган. Кўпгина телба-тескари режалар популизм учунгина эълон қилинган, нацист элитасининг ўзида эса ўта прагматик, ақлли лойиҳалар муҳокама қилинган. Шу боисдан ҳам юқорида тилга олинган ҳужжатга кўпгина тарихчилар катта шубҳа билан қарайди.
Ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида мазкур давр бўйича Ўрта Осиёнинг энг йирик мутахассисларидан бири, тожик тарихчиси Камолиддин Абдуллаевга мурожаат қилдим. Қириб юборилиши лозим бўлган халқлар рўйхати ҳақидаги саволимга жавоб бераркан, у қуйидагиларни айтди:Ўз-ўзидан тушунарлики, ҳеч ким халқларни оммавий тарзда йўқ қилиш ниятида эмасди. Немис қўмондонлиги бутун дунё халқларининг большевизмга қарши «салиб юриши»га йўлбошчилик қилаётганини исботлашга уринаётган эди.
Шу мақсадда Вермахт таркибида руслардан, украинлардан, Кавказ, Ўрта Осиё халқларидан, поляклардан ва бошқалардан ҳарбий қисмлар тузилган эди. Яна Камолиддин Абдуллаевнинг фикрини келтираман:
Германия қуролли кучлари таркибида бошқа халқларнинг кўнгилли қўшилмалари тузилишининг геосиёсий сабаблари ҳам бор эди. Кавказ, Волгабўйи ва Ўрта Осиёга келганда, Гитлернинг стратегик мақсади уларнинг ёрдамида бетараф Туркияни ўз томонига оғдириб олиш ҳамда Кавказ ва Яқин Шарқ нефти устидан назорат ўрнатиш эди. Туркларга Германия ҳамда СССРнинг мусулмон халқлари ўртасида воситачи бўлиш истиқболи таклиф қилинган эди.Ўрта Осиёга келсак, бу борада нацист элитаси орасида ягона фикр йўқ эди. Кимдир уни Рейх таркибига қўшиб олишни таклиф қилган бўлса, яна кимдир ярим мустақил протекторат сифатида кўрарди. Уруш авж палласига чиқиб кетгач, бу масала унутилиб кетди. Лекин маҳаллий халқларни бутунлай қириб ташлаш ҳеч қачон реал мақсад бўлмаган.
Эслатиб ўтаман, ҳатто шак-шубҳасиз душман саналган халқ — яҳудийларнинг ҳам тақдири бошида мавҳум бўлиб турган, дастлаб улардан ишчи кучи сифатида фойдаланилган, «яҳудийлар масаласининг узил-кесил ҳал этилиши» (Endlösung der Judenfrage) ҳақидаги қарор эса кейинроқ қабул қилинган. Бир сўз билан айтганда, нацистларда ҳам ҳар хил режалар тузилганини ва муҳокама қилинганини унутмаслик керак.
Камчиликлар
Фильмдаги Кичик Дебора (Елена Орехова) сюжет аркаси ишонарсиз чиққан. Унинг онаси қатлиомдан қандай омон қолганини, «Моссад» агенти шахсий қасоси учун ташкилот ресурсларини қандай жалб қилганини тушуна олмадим. Мазкур сюжет чизиғидаги бир қанча эпизодлар нотабиий чиққан.
Унинг бобоси — Ҳанс (ўрта ёшли образи — Антон Кораблёв, кекса образи — Серго Сутягин) ҳам нега севгисидан воз кечиб, бирданига фашистга айланиб кетди, нега ёрини тап тортмай ўлдириб юборди, умрининг охирида пушаймон бўлдими, йўқми — булар тушунарсизлигича қолган. Бу образларни жонлантирган актёрлар ижроси мени қониқтирмади — уларнинг кўзларида бу саволларга жавоблар ҳам, шахсиятни кўрсатувчи ҳис-туйғулар ҳам акс этмаган.
Кўзимга ташланган яна бир клише — Мусоқовнинг барча фильмларидаги сингари, бу ерда ҳам бақироқ аёллар ва довдир ёшлар бор.
Тарихий деталларни, тафсилотларни очиб беришда хатоликлар юзага келган. Масалан, 1939 йил Оққўрғонидаги ёзувлар ўша пайтнинг лотин алифбосида эмас, 1993 йилда қабул қилинган янги лотин алифбосида ёзилган. Ёзувни келтираман:
I.V.Stalin nomli kolxoz
Toshkent oblasti
Oqqo‘rg‘on rayoni
I.V. Stalin namli kolxөz
Taşkent oblasti
Aqqorƣan rayoni
Молотовнинг Берлинга сафари ва Риббентроп билан учрашуви чоғида, 1939 йил 23 августда имзоланган «Германия ва Совет Иттифоқи ўртасидаги ҳужум қилмаслик тўғрисидаги келишув» (Молотов-Риббентроп пакти) га махфий қўшимча баённома илова қилинган эди. Ушбу баённомада Польшанинг тақдирига ҳам тўхталиб ўтилган эди. Ғарбий Европа давлатларининг дўсти бўла туриб икки тоталитар диктатура орасида қолиб кетган Польша бўлиб олиниши керак эди. Пакт имзоланганидан бир ҳафта ўтиб, шу йилнинг 1 сентябрида Вермахт қўшилмалари Польшанинг Данциг эркин шаҳрига бостириб кирди. Ўша куниёқ Германиянинг саттелити — Словакия Польшага 50 минг кишилик қўшинини киритди. 17 сентябрь куни СССР қўшинлари Польша ерларига қадам қўйди. Мамлакат тақсимлаб олинди. Шунингдек, Вильнюс Литвага топширилди. Шундай қилиб, Иккинчи жаҳон урушининг бошланишига бир нечта давлатнинг Польшага бостириб кириши сабаб бўлди, агрессорлар орасида СССР ҳам бор эди.
Тарихчиларнинг таъкидлашича, аслида Ғарб давлатлари Иккинчи жаҳон уруши маданиятли инсониятнинг большевизмга қарши кураши бўлади деб ҳисоблаб, шунга яраша тайёргарлик олиб борган ва шу туфайли Германияга ён бериб келган эди. СССР тепасига Лениндан сўнг эҳтиёткор Сталин эмас, романтик Троцкий келганида эди, у албатта Европа давлатларига қарши уруш очган, шунда Иккинчи жаҳон уруши ростдан Европанинг СССРга қарши курашига айланган бўларди. Лекин Учинчи Рейхнинг режалари янада ваҳшийроқ бўлгани боис халқаро сиёсатдаги куч мувозанати ўзгариб кетди.
Фильмнинг якуний эпизоди жуда яхши чиққан, бироқ бундай катта баённи бошқачароқ тугаца ҳам бўларди. Зеро фильм боши ва охири бор тугал ҳикоя эмас, балки хотира қуроқларидир. Унинг асосий қаҳрамони эса одамлар эмас, шу одамлар ҳаётини белгилаб берган мудҳиш урушдир. Шундай экан, ёкўрсатилган эпизод ҳикояни тугатиб бермайди, аксинча, ҳаёт давом этишини кўрсатади.
Хулоса ўрнида
«Берлин – Оққўрғон»нинг умумий бюджети 2 441 580 000 сўмни (бугунги курсда 293 минг долларни) ташкил қилади. Бу пулга, кенг миқёсли тўлиқ метражли фильмдан ташқари, беш қисмли сериал ҳам олинган — у фильм прокатидан сўнг намойиш этилади. Сериалга ҳозирча баҳо бера олмаймиз, фильм эса ҳар бир сўмни оқлайди. Барча киноижодкорлардан маблағдан мана шундай самарали фойдаланишни ҳамда бюджет масаласида очиқликни сўраб қоламиз.
Дарвоқе, «Берлин – Оққўрғон»нинг яна бир жиҳати борки, уни ютуқлар бўлимидан ажратиб, охирига олиб қўйдим. Фильмнинг саунд-треклари мукаммал танланган бўлиб, эътирозга ва рақобатга ўрин қолдирмайди. Турли тилдаги, турли маданият ва халқларга оид композициялар ниҳоятда буюк дид билан саралаб олинган ва маҳорат билан у ёки бу қаҳрамонга, воқеага, сюжет аркасига боғлаб қўйилганки, уларни тинглаб тўймайсан. Айниқса титрларда янграган қўшиқ дилни эритиб юборади. Фильмнинг ўзидан ташқари унинг саунд-треклари ҳам алоҳида тўплам қилиб чиқарилса, шак-шубҳасиз хитга айланади. Қўшиқлар ҳар хил тилларда айтилиши, турфа маданиятларга мансублиги эса картинанинг бош ғоясини — инсонийликни ва халқлар ўртасидаги дўстликни ўзида акс эттиради.
Изоҳ (1)
Nega muallif yozilmagan?