Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги барча ҳарбий округлар, ҳарбий қисм ва муассасаларнинг ҳарбий хизматчилари томонидан оммавий «Ватанпарварлик ойлиги»га доир қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Хусусан, Самарқанд шаҳрида жойлашган «Ёшлар маркази»да Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги билан биргаликда «Ватан муқаддас уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!» шиори остида вилоят ёшлари билан учрашув ўтказилди. Унда замонавий ҳарбий хизматчи қандай бўлиши кераклиги, қанақа билим ва кўникмага эга ёшлар ҳарбийликка танлаб олиниши ҳақида тушунчлар берилди. Тадбир давомида ташкил этилган концерт дастури йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ ҳарбий қисмларидан бирида эса Нукус шаҳридаги умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг юзлаб ўқувчилари учун очиқ эшиклар куни бўлиб ўтди. Бунда ёшлар ҳарбий қисмда ҳарбий хизматчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар, уларнинг маънавий-маърифий савиясини ошириш учун кўргазмали тадбирларни томоша қилдилар.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда Бердақ номидаги драма театрида эл суйган санъаткорлар, ёш ижодкорлар ва Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестри томонидан ҳарбий-ватанпарварлик мавзусидаги катта концерт дастури ўтказилди.
Республика ёшларининг кенг қатламини қамраб олишга қаратилган бу каби тадбирлар Мудофаа вазирлигининг барча қўшинларида давомли тарзда ҳар куни ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президентининг фармойишига биноан жорий йилнинг 15 декабридан 2019 йилнинг 15 январига қадар бир ой муддат «Ватанпарварлик ойлиги» этиб белгиланди.
Изоҳ (0)