Конституция байрами арафасида Фарғона шаҳридаги 5-оилавий поликлиника биноси янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизжон Эрматов хабар берди.
Янги поликлиника қурилишига 4 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Замонавий қиёфа касб этган уч қаватли тиббиёт маскани вилоят ҳокимлиги кўмагида 300 миллион сўмлик мебел жиҳозлари билан таъминланди. Мазкур оилавий поликлиникада 24 нафар малакали шифокор ва 105 нафар ҳамшира аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.
«Саломатлик-3» лойиҳаси асосида рўйхатхона ва шифокорлар хоналари замонавий компьютер тизимлари билан таъминланиб, локал-ҳисоблаш тармоқларига уланди.
«Оилавий поликлиника ҳудуддаги қарийб 53 минг аҳолига хизмат кўрсатади. Поликлиникамизда кундузги стансионар бўлимлари, аёллар, эркаклар ва болалар учун алоҳида даволаш хоналари ҳамда ижтимоий дорихона ташкил этилди. Яна бир қулайлик, бемор шифокор қабулига олдиндан навбат олмай келган бўлса, шу ернинг ўзида электрон тарзда навбатда туради. Бунинг учун ҳар бир ташриф буюрувчи махсус ўрнатилган қурилма орқали ўз тартиб рақамини олиб, мониторда навбати қачон келишини кузатиб боради», – дейди 5-оилавий поликлиника бош шифокори Феруза Мадалиева.
Оилавий поликлиника «Электрон поликлиника» автоматлаштирилган ахборот тизимига уланган. Бу тизим фуқароларнинг ягона электрон тиббий картасини юритиш, онлайн тарзда шифокор қабулига ёзилиш имконини беради.
Изоҳ (0)