Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази директори лавозимига Азамат Юсупов тайинланди, деб хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати.
Унга, аввало, аҳолига сифатли ва халқаро талаблар асосида ихтисослаштирилган, юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш, диабетик ретинопатия, туғма катаракта каби қатор касалликлар профилактикаси бўйича стратегия ишлаб чиқиш, болалар офталмологиясини ривожлантириш, шу жумладан, уларда сунъий гавҳар имплантациясини кенг йўлга қўйиш, шунингдек, кўз касалликларини эрта аниқлаш, диагностикаси ва даволаш стандартларини янгилаш, ихтисослик бўйича касалликларга ташхис қўйиш ҳамда олдини олишда самарали ёндашувлардан унумли фойдаланиш каби вазифалар юкланди.
Бундан ташқари, офталмология соҳасида етакчи хорижий тиббиёт муассасалари билан халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, муваффақиятли тажрибалар ва аниқ инновацион моделларни татбиқ этиш, ёш малакали кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш, ҳудудлардаги ихтисослаштирилган муассасаларда зарур профилактик ишларни ўтказишда кўмаклашиш ҳамда маҳорат дарсларини мунтазам ўтказиб бориш сингари вазифаларга ҳам масъул этиб белгиланди.
49 ёшли тиббиёт фанлари доктори Азамат Юсупов Буюк Британия ва Америка Қўшма Штатларининг нуфузли университетлари клиникаларида ўқиб, малака оширган. Инглиз ва турк тилларини мукаммал билади.
Азамат Юсупов айни пайтга қадар «Сиҳат кўз» МЧЖ хусусий клиникасида бош шифокор лавозимида ишлаб келаётган эди.
Изоҳ (0)