Айни кунларда Адлия вазири ўринбосари М.Истамов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Лондонда хизмат сафарида бўлиб турибди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди. Сафардан мақсад Буюк Британия давлат тизими билан танишиш, давлат хизматлари соҳасида тажриба алмашиш ҳамда ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат.
Ушбу делегация Вазирлар маҳкамаси вакилларидан тортиб вазирлик марказий аппарати ходимлари ҳамда вилоятлар адлия бошқармалари ва энг чекка туман адлия бўлимларида фаолият юритувчи ходимлардан ташкил топган.
Сафар давомида ўзбекистонлик делегация учун Буюк Британия ташқи ишлар вазирлигида турли учрашувлар, давра суҳбатлари, тақдимотлар ҳамда тренинглар ўтказилмоқда.
Хусусан, Буюк Британия Миллий давлат бошқаруви институти (NSGI) мутахассислари делегация аъзолари учун давлат бошқаруви тизими ва анъаналари, Британия давлат хизматларининг ўзига хос жиҳатлари тўғрисида маълумот бердилар.
Шунингдек, Буюк Британия Адлия вазирлиги вакили томонидан тақдимот ўтказилди. Делегация вакиллари икки давлат адлия тизими ўртасидаги ўхшаш ва фарқли жиҳатлари тўғрисида саволларига жавоб олди.
Куни кеча сафар дастуридаги асосий тадбирлардан бири бўлиб ўтди. Ўзбекистон Адлия вазирлиги ҳамда Буюк Британия ҳукуматини рақамлаштириш давлат хизмати ўртасида давлат хизматларини рақамлаштириш соҳасида мутахассисларни ўқитиш ҳамда уларнинг малакасини оширишда ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.
Сафар дастурида Лондон ассамблеяси ҳамда маъмурий бошқарув соҳасида нуфузли консалтинг компанияси фаолияти билан яқиндан танишув ҳам ўрин олган.
Адлия вазирлиги делегациясининг Буюк Британияга сафари давом этмоқда.
Изоҳ (0)