Россиялик миллиардер Алишер Усмонов судга мурожаат қилиб, бизнесменнинг криминал авторитет Шакро Молодой (паспорт бўйича Захарий Калашов) ва бошқа жиноий гуруҳлар ишига алоқадорлиги тилга олинган учта мақолани интернетдан ўчириб ташлашни талаб қилди, деб ёзади «РИА Новости».
Усмонов ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш тўғрисида даъво аризаси билан чиққан. «Аризада Усмонов маънавий зарар учун 50 минг рубль товон пули тўлашни, учта мақолани ўчириб ташлашни талаб қилган, булар: «Алишер Усмонов. Мақоми: «авторитет», «Алишер Усмонов Шакро ишида» ва уюшган жиноий гуруҳ билан алоқалар ҳақидаги», — деди Басман тумани суди матбуот котиби Царева. Унинг аниқлик киритишича, кўрсатилган мақолалар Russian Criminal сайтида эълон қилинган.
Цареванинг қўшимча қилишича, «Роскомнадзор» ҳам жавоб берувчи сифатида жалб этилган, сабаби Усмонов ўзи ҳақидаги маълумотни тақиқлаб қўйишни сўрамоқда, буни эса фақат «Роскомнадзор» қила олади.
«Қонундаги ўғри» Шакро Молодой (Захарий Калашов) март ойи охирида Москва шаҳрининг Никулинский суди томонидан иккита товламачилик ҳолати бўйича тўққиз йил ва тўққиз ойга озодликдан маҳрум қилинди.
28 ноябрь куни Москва шаҳар суди ҳукмни қонуний деб топди.
Изоҳ (0)