Халқаро футбол тарихи ва статистикаси федерацияси (IFFHS) 2018 йил якунига кўра энг яхши плеймейкерни аниқлади. Бу ҳақда ташкилот расмий сайтида хабар берилди.
Экспертлар ўртасида ўтказилган сўровларга кўра, «Реал Мадрид» ҳамда Хорватия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Лука Модрич 2018 йилнинг энг яхши плеймейкери деб топилди. Модрич 272 та овоз тўплади. Иккинчи ўрин «Барселона» аъзоси Лионель Мессига насиб этди, у 144 та овоз эгасига айланган. Учинчини ўринни эса «Челси»нинг бельгиялик ярим ҳимоячиси Эден Азар 114 овоз билан банд этди.
Қайд этиш жоиз, сўнгги уч йилда IFFHS талқинига кўра, Лионель Месси йилнинг энг яхши плеймейкери бўлганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Зинедин Зидан 2018 йил якунларига кўра, энг яхши клуб мураббийи деб эътироф этилганди.
Изоҳ (0)