Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 27 ноябрь куни айни пайтда Яшил ўсиш глобал институти Ассамблеяси ва Халқаро олимпия қўмитасининг этика бўйича Комиссиясига раҳбарлик қилаётган БМТнинг собиқ бош котиби Пан Ги Мунни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Пан Ги Мун Ўзбекистонга 27 ноябрь куни Нукус шаҳрида бўлиб ўтган Оролбўйи ҳудудида экологик вазиятни яхшилаш ва бу жараёнда корейс диаспорасининг роли масалалари бўйича халқаро конференцияда иштирок этиш учун ташриф буюрди.
Олий мартабали меҳмонни қизғин қутлаган Шавкат Мирзиёев унинг тинчлик ва барқарорликни мустаҳканлаш, Минг йилликнинг ривожланиш мақсадларига, хусусан, жаҳон ҳамжамиятининг глобал чақирувлар ва замонавий таҳдидларга қарши ҳаракати бўйича уринишларини мустаҳкамлаган ҳолда эришиш ишида қилган улкан химатларини қайд этди.
Пан Ги Муннинг Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш масалаларига халқаро эътиборни қаратишда қўшган шахсий ҳиссаси юқори баҳоланди.
БМТ бош котиби лавозимида у Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақаси мамлакатларининг Оролбўйидаги вазиятни яхшилаш бўйича ташаббуслари ва таклифларини фаол қўллаб-қувватлаган.
Суҳбат давомида Орол денгизи ҳудудида устувор лойиҳаларни илгари суриш бўйича халқаро институтлар ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги кўп тармоқли ҳамкорлик кенгайтириш ва стратегик шерикчиликни мустаҳкамлаш бўйича фикр алмашинди. Ўзбекистондаги кўп сонли корейс диаспорасининг икки халқ ва мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни чуқурлаштиришдаги ҳиссаси мамнуният билан қайд этилди.
Пан Ги Мун илиқ қабул учун миннатдорчилик билдирган ҳолда, Ўзбекистонда 2021 йилгача қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси доирасидаги ислоҳотлар ва ўзгаришларга юқори баҳо берди.
Ўзбекистон томонидан 2018—2021 йилларда оролбўйи ҳудудини ривожлантириш бўйича давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар алоҳида қайд этилди.
Изоҳ (0)