Самарқанд шаҳридаги «Шарқ юлдузи» кинотеатрида буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан суратга олинган «Сарвқомат дилбарим» бадиий фильмининг тақдимоти ўтказилди, деб ёзади ЎзА.
«Бу фильм ўзбек ва қирғиз киноижодкорлари ҳамкорлиги маҳсули бўлди, — дейди ‘Республика кинопрокат маркази’ давлат унитар корхонаси вилоят филиали раҳбари Ф.Розиқов. — ‘Ўзбеккинў миллий агентлиги буюртмаси асосида ‘Ёшлар ижодий тажриба студияси’ томонидан ишланган фильм Тошкент ва Наманган вилоятларида, шунингдек, Қирғизистон Республикаси ҳудудида тасвирга олинган. Роллар ўзбек ва қирғиз киноактёрлари томонидан талқин этилди. Фильмнинг Тошкентдаги премьераси кино соҳаси мутахассислари ва томошабинлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Самарқандликларга ҳам у манзур бўлиши шубҳасиз».
Тақдимотда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, театр ва кино санъати намояндалари Чингиз Айтматовнинг ўзбек ва қирғиз халқлари дўстлигини мустаҳкамлаш, адабий ҳамкорлигини кенгайтириш борасидаги хизматлари ҳақида сўз юритди. Адиб асарлари асосида яратилган фильм ва спектакллар ўзининг юксак инсонпарварлик ғоялари билан томошабинлар қалбидан чуқур жой олган. «Сарвқомат дилбарим» бадиий фильми ҳам ана шундай ноёб дурдоналардан бири бўлиб қолиши шубҳасиз.
Изоҳ (0)