Россиянинг «МТС» компанияси «АҚШ қимматли қоғозлар ва биржалар бўйича комиссияси ва АҚШ адлия вазирлиги текширувига нисбатан потенциал мажбуриятлар сифатида» 55,8 миллиард рубль (тахминан 850 миллион доллар) миқдорида захира яратди, деб ёзади «Podrobno.uz».
Компания вакили аниқлик киритишича, бунда гап «МТС»нинг Ўзбекистондаги фаолиятига доир текширув ҳақида бормоқда.
АҚШ қимматли қоғозлар ва биржалар бўйича комиссияси ва АҚШ адлия вазирлиги 2014 йилда Ўзбекистон телекоммуникация бозоридаги коррупция ҳолатлари юзасидан «МТС», Veon (Россиянинг «ВимпелКом»ига эгалик қилади) ва Швециянинг Telia Company АB (кейинчалик TeliaSonera деб қайта номланган)га нисбатан текширув бошлаган эди, ушбу учта компаниянинг ҳаммаси Америка фонд биржасида савдо қилган.
Америка ҳуқуқ-тартибот органлари бу компаниялар сохта фирмалар орқали лицензия ва частоталар учун Ўзбекистон Президентининг қариндоши деб тахмин этилаётган шахсга поралар берганлиги гумон этилмоқда. Исм-шариф ошкор этилмаган, аммо текширув ҳужжатларига кўра, гап президентнинг қизи Гулнора Каримова ҳақида борган. Шубҳали битимларнинг барчаси 2006 йилнинг январидан 2011 йилнинг октябригача амалга оширилган.
2016 йилнинг февралида VimpelCom 795 миллион доллар тўлаб, АҚШ ҳукумати билан иш бўйича муроса битими шартларини келишиб олган эди. 2017 йил сентябрида эса Telia 965 миллион доллар жарима тўлашини эълон қилди.
Изоҳ (0)