Жорий йилнинг 3 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамасида 2018 йилнинг кутилаётган якунлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил учун асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози, солиқ ва бюджет сиёсати концепцияси, Давлат бюджети лойиҳаси муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди, деб ёзади ЎзА.
Маҳаллий ҳокимият органларининг маҳаллий бюджет даромадларини шакллантиришдаги эркинлигини ошириш, солиқ солинадиган базани кенгайтириш, шунингдек, аграр секторни ислоҳ қилиш ва валюта бозорини либераллаштириш бўйича қабул қилинган тадбирлар натижасида 2018 йил якунларига кўра, Давлат бюджетига даромад тушумлари прогноз кўрсаткичларининг ошириб бажарилиши кутилмоқда.
2018 йилда республика бюджетидан арзон уй-жойлар қурилишини тижорат банкларининг кредит линиялари орқали молиялаштиришга 3,8 триллион сўм, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларига 1 527,6 миллиард сўм, «Ёшлар – келажагимиз» дастурига 500 миллиард сўм, шунингдек, янги ташкил этилган Аёллар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондига 300 миллиард сўм қўшимча маблағлар йўналтирилди.
Йиғилишда келгуси йиллар учун ишлаб чиқилган асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози, давлат бюджетининг даромадлар ва харажатлар параметрлари бўйича ёндашув ва таклифлар ҳар томонлама муҳокама этилди.
2019 йилдан бошлаб Давлат бюджетини прогноз йил учун ва бюджет мўлжалларини келгуси икки йил учун тасдиқлаш орқали бюджетни ўрта муддатли режалаштириш механизми жорий этилаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги ПF-5468-сон Фармони билан тасдиқланган солиқ сиёсатини такомиллаштириш Концепциясининг асосий йўналишлари доирасида 2019 йилдан эътиборан:
1) иш ҳақи фондига солиқ юки қуйидагича камайтирилмоқда:
жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкасининг 12 фоиз миқдорида ўрнатилиши ва фуқароларнинг мажбурий суғурта бадалларининг (иш ҳақидан 8 фоиз) бекор қилиниши натижасида «қўлга» тегадиган иш ҳақи миқдори ўртача 6,5 фоизга ошади;
иш ҳақи фондидан ягона ижтимоий тўлов миқдори 12 фоизгача пасайтирилмоқда;
2) давлат мақсадли жамғармаларига айланмадан (оборотдан) 3,2 фоиз миқдорида ундириладиган мажбурий ажратмалар бекор қилинмоқда;
3) юридик шахсларнинг фойда солиғи ставкалари 14 фоиздан 12 фоизгача, тижорат банклари учун – 22 фоиздан 20 фоизгача, дивиденд ва фоиз кўринишидаги даромадлар бўйича тўлов манбаидан солиқ – 10 фоиздан 5 фоизгача, юридик шахслар мол-мулк солиғи – 5 фоиздан 2 фоизгача пасайтирилмоқда.
Мазкур чоралар натижасида хўжалик юритувчи субъектлар ва жисмоний шахслар ихтиёрида қарийб 10 триллион сўм маблағ қолади.
Ушбу чоралар билан бир қаторда йиғилиш қатнашчилари томонидан ресурслардан оқилона фойдаланиш ва бюджетга тушумларнинг тўлиқлигини таъминлашга йўналтирилган солиқ сиёсатини такомиллаштириш соҳасидаги қўшимча таклифлар атрофлича кўриб чиқилди, жумладан:
мутлақ миқдорларда белгиланган солиқ ставкаларини индексация қилиш (ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, аксиз солиғи);
сигарета учун аксиз солиғи бўйича қатъий белгиланган ставка билан бир қаторда адвалор ставкасини жорий этиш;
якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари ва меҳнат фаолиятининг ҳисоби юритилиши мураккаб бўлган шахслар учун фуқароларнинг суғурта бадаллари ўрнига ягона ижтимоий тўловларни жорий этиш (суғурта бадалларининг бекор қилиниши сабабли);
айрим турдаги фойдали қазилмалар (қум, оҳак, шағал ва бошқалар) учун ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича мутлақ миқдорларда қатъий белгиланган энг кам ставкаларни киритиш.
Муҳокамалар якуни бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил учун асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози, солиқ ва бюджет концепцияси, Давлат бюджети лойиҳаси ва 2020—2021 йиллар учун мўлжалланган прогноз кўрсаткичларини маъқуллаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига тақдим этиш юзасидан қарор қабул қилинди.
Изоҳ (0)