24 октябрь куни Турин политехника университетининг маъруза залларидан бирида жуда қизиқарли маросим — локал стартаплар танлови бўлиб ўтди. Танлов ташкилотчилари сифатида Исроил давлатининг Ўзбекистондаги элчихонаси, Ground Zero коворкинги ва Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожлантириш Вазирлиги қатнашди.
Биринчи ўрин ва шу йилнинг декабрь ойида Хайфа (Исроил) шаҳрига бориш учун 12 та энг яхши ғоялар курашди.
Биз билан бўлган суҳбатда жюри аъзоларидан бири, SIT компаниясининг истиқболли йўналишларни қидириш ва инновациялар департаменти раҳбари Мишель Асияг тараққиёт юритқичи бўлган ноёб Исроил иқтисодиёти тарихининг вужудга келиши тўғрисида ва инновацияларни ривожлантириш ҳақидаги фикрларни айтиб ўтди.
Мухбир: Замонавий иқтисодиётдаги инновация ва стартаплар роли ҳақида айтиб беринг.
Мишель Асияг: Ушбу мавзу билан қизиққанингиз учун раҳмат. Стартаплар келгусида сотиб олинадиган ёки талаб қилинадиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш, ёки бор нарсани янада яхшироқ томонга ўзгартириш учун мўлжалланган. Яъни, агарда мавжуд бўлган товар ёки хизматга бўлган талаб пасайиб қолса, одамлар уни сотиб олмайдилар ёки ундан фойдаланмайдилар. Стартаплар эса вазиятни кескин ўзгартириши мумкин.
Жуда кўп ҳолларда яхши ғоялар жаҳоннинг йирик Microsoft ва Google каби компаниялар мутахассислари томонидан кўриб чиқилади, ва лойиҳани амалга ошириш учун уларни эътиборини жалб қилиш қийин масала эмас.
Facebook’га қаранг. Бу тармоқнинг фаолияти бошида камтарин технологиялар жалб этилган эди, кашфиёт эса инсонларни ижтимоий бирлаштириш ғояси билан бирга содир бўлган. Доҳиёна концепция ҳам — бу стартап. Инновациялар турли маҳсулотлар кўринишида бўлишлари мумкин. Улар смартфон ва ШК учун иловалар, физик объектлар ва буюмлар бўлиши мумкин. Стартап ва инновациялар бўлмаганда, мавжуд реаллик ҳозирги кўринишида бўлармидикин? Деярли йўқ.
Мухбир: Нима учун Исроил давлатини «Startup Nation» деб аташади?
Мишель Асияг: Бунинг сабаби оддий. 2009 йилда ёзувчи Шаул Зингер ўз китобини «Startup Nation» деб номлади. Бу ерда бир савол туғилади, нима учун бундай китоб дунёга келган, ва бу саволга жавоб бироз мураккабдир. Исроил давлатида, у ҳудудий ва аҳоли сони жиҳатдан кичик давлат бўлишига қарамасдан, АҚШдаги Силикон Водийсига нисбатан кўпроқ сонли стартаплар мавжуд. Аммо биз стартаплар сони ва киши бошига бўлган илмий ходимлар зичлиги бўйича дунёда биринчимиз. Худди шу нарса патентлар ва илмий нашрлар доирасида рўй бермоқда. Айнан бу нарсани Шаул Зингер ўз китобида ёзиб ўтди, ва кичкинагина ҳудудли ва кичкина аҳоли сонли мамлакат дунёда фан ва замонавий изланишлар соҳасида пешқадам ўринларини эгаллаши сабабларини тушунтирди. Албатта, ҳамма нарса фақатгина стартапларга боғлиқ эмас — Исроил давлатида Microsoft, Intel, Google ва ҳоказолар каби 250 дан кўпроқ йирик жаҳон гигантлар ваколатхоналари мавжуд.
Биринчи бўлиб АҚШ ҳудудидан ташқарида ўзини илмий-тадқиқот марказини Intel компанияси очди. Ва шу нарса узоқ 1974 йилда айнан Исроил давлатида содир булган. Бундан кейин бошқа йирик компаниялар ҳаракатланишни бошлаган — уларни Исроил давлатидаги кўп сонли истеъдодли муҳандислар ва олимлар ҳамда ҳаммабоп амалий имкониятлар қизиқтира бошлади. Мисол учун, Ways навигатори Исроилда ишлаб чиқилган ва бир вақтларда стартап эди, ҳозир эса Ways навигатори Google компаниясига тегишлидир. Шунинг учун нафақат стартаплар инновацияларни олдинга сурмоқда, балки жаҳон гигантлари ҳам. Бугунги кунда бутун дунё иқтисодиёти нисбатан нобарқарор ҳолатда. Қувонч ва ғурур билан айтиб ўтмоқчиман, исроил иқтисодиёти бир неча сабабларга кўра барқарор. Бизда яхши юритқич бор. Бу — hi-tech, юқори технологиялар — саноатимизнинг негизи.
Ўтган асрнинг 80 йилларида йирик жаҳон инқирози содир бўлган. Асосан банк ва биржа савдоси соҳасида. Ушбу инқироз туфайли содир бўлган ўзгаришлар иқтисодиётни ўзгартиришга эмас, балки унин барқарорлаштириш учун мўлжалланган эди. Исроил бу имкониятдан фойдаланди. Айтиб ўтиш жоизки, ўтган асрнинг 60—70 йилларда Исроил давлатининг тўқимачилик ва агрокултура саноатлари мамлакат иқтисодиётининг муҳим қисми бўлган эдилар. Ҳозирги кунда тўқимачилик жуда камтарин жойни эгаллаб турибди, қишлоқ хўжалиги эса илмий соҳага ўтиб кетди. Оҳирги 20 йил мобайнида Исроил иқтисодиётига қўшилган ва унга кўмак берган стартапларнинг жуда кўп сони ходимларнинг юқори интеллектуал даражасига асосланган. Бундан ташқари, кўп ғоялар Исроил четига чиқиб кетган ва у ерда амалга оширилган. Бизнинг ғояларимиз халқаро бозорда фаол қўлланилган, шунинг учун Исроилга катта ҳажмдаги пул маблағлари келган.
Масалан, Intel компанияси бир неча йил аввал Исроил стартапи бўлган MobilEye иловасини сотиб олган. Бу тизим йўллардаги ҳаракатни назорат қилишга, хавфли яқинлашишлар ҳақида огоҳлантиришга ва йўл-транспорт ҳодисалари олдини олишга ёрдам беради. Intel MobilEye учун 14 млрд. доллар сарфлади! Тўғри, бу маблағларнинг бир қисми лойиҳаларда бошидан иштироқ этган инвесторларга боради, аммо бир қисми, табиийки, мамлакатда қолади. Бунга қўшимча, давлат ҳукумати ғоялар ва стартапларнинг бар қисми сотиб олиниб бошқа давлатларга олиб кетилиши мумкинлигини билади ва тушунади, шунинг учун стартаплар давлат тизими ташкил этилган. Исроил давлати ғоя ва стартапларга ўз ҳиссасини қўшмоқда ва шу билан лойиҳани мамлакат ичида амалга оширилишига ёрдам бермоқда.
Мухбир: Исроил иқтисодиётининг кеча ва бугунги асосий хусусиятлари ҳақида гапириб берсангиз.
Мишель Асияг: Бу саволни аввалги савол билан бирлаштирмоқчиман. Исроил иқтисодиёти юқори технологик бўлганлиги сабабларидан бири, бу – мамлакатда стартаплар феноменини пайқаб, ундан максимал даражада фойдаланишга ҳаракат қилган ҳукуматнинг эгилувчанлиги. Чунки инновацияларни кўмаклашишда давлат тизимининг эгилувчанлиги ва мослашувчанлиги жуда муҳимдир. Қандайдир қўшимча меъёр ва ошиқча бюрократик қопламаларни солиш эмас, балки ғояни максимал даражада қулай ва сифатли амалга ошириш.
Мен ишлаган компаниялардан бири SIT (Инновацион Технологиялар Тизими) деб номланади. Унинг вазифаси — давлат тузилмалари учун олинган алоҳида бир стартап билан ишлаш учун тавсиялар ва қуролларни ишлаб чиқиш. Бу нарса ҳар хил бюрократик тўсқинликларни яратишга эмас, фақат янги реаллик учун мослашишга ёрдам беради.
Мухбир: Давлат тадбиркор ёки олимга қандай ёрдам бериши мумкин?
Мишель Асияг: Бу мавзуда суҳбатимизни давом эттирсак, қўшимча қилиб айтаманки, ёрдам аниқ бир олим ёки тадбиркорнинг таълими, тарификацияси ва давлат томонидан кўмаклашишга асосланиши керак. Бунга қўшимча, ҳукумат ва олим (тадбиркор) ўртасидаги ўзаро муносабатлар, жавобгарлик ва давлат тузилмалари томонидан ҳар бир алоҳида ҳолатда аниқ бир олим (тадбиркор) олдида турган муаммоларни тушуниш. Инглиз мақолида айтилганидек, мансабдор инсон тадбиркорнинг туфлисида қандай юришни билиш учун, уларни кийиши керак. Яъни, фаолиятнинг нозик томонларини тушуниб, уларни максимал даражада енгиллаштириш. Бир мисолни келтираман. Бизда инновацияларни амалга оширишда ёрдам берувчи Innovation Authority деб номланган тузилма мавжуд. Бир йил аввал Ўзбекистонда Инновацион Ривожлантириш Вазирлиги ташкил этилганлиги ҳақидаги хабарни ёқимли ҳайрат билан эшитдим. Юқорида айтиб ўтилган исроил ташкилоти бошлиғи бундан аввал Apple вакили бўлиб ишлаган, яъни, бу инсон тадбиркор фаолиятининг барча нозик томонларини, унинг муаммоларини ва фикр юритишини билади. Умуман олганда, бу ташкилотдаги кўп сонли ўринларни замонавий тадбиркорлик муаммоларини ечиш мумкин бўлган йўлларини амалда биладиган собиқ тадбиркорлар эгаллаб турмоқда. Олимлар ҳақида гапирсак, соф ва амалий фанлар ўртасида бир неча ўн йиллар мобайнидаги илмий ғояларни жорий қилинишлар турибди. Бу ерда сабр деган тушунча жуда катта аҳамиятга эга. Давлат томонидан университетлар ва илмий тадқиқот институтлар учун катта маблағлар сарфланмоқда, аммо бунинг унумини кўп йиллардан сўнг олмоқда.
Мухбир: Таълимотнинг аҳамияти қандай ва қандай қилиб фанни амалийга айлантириш мумкин?
Мишель Асияг: Фарзанди бор инсонлар болаларнинг жуда топқирлигини биладилар. Маълум бир пайтгача. Биз уларни мактабга жўнатаётган пайтигача. Мактабда эса бу топқирлик босилади ва таълимнинг стандарт жараёни билан ўлдирилади. Менинг фикримча, таълимнинг болалар боғчасидан бошлаб то университетгача бўлган асосий вазифаси, бу- ўрганишни ўргатиш. Тадқиқ қилиш, ғояларни ишлаб чиқиш, фикрлаш. Бу нарса қуруқ билимлардан кўра муҳимроқдир. Замонавий гаджет ва методикаларни, давра суҳбатларини ва технологик мосламаларни жорий этиш ва улардан фойдаланиш, мунозараларни рағбатлантириш. Мактаб даврида ўқитувчилар мени бир партада ўтирган қиз билан гаплашганим учун сўкишган эди, ҳозирда эса баҳслар қўллаб қувватланмоқда, ва бу нарса жуда муҳим. Исроилликлар баҳслашишни ва ҳамма нарсани муҳокама қилишни ёқтирадилар. (кулади). Ўқувчиларнинг ҳаракати ва феълларини кўп сонлигини қувватлаш жуда муҳим. Аммо лекин, бу ерда давлат аппаратини замонавий ҳаётда содир этилаётган ўзгаришларга бўлган таъсирланиши ҳам катта аҳамиятга эга.
Яна бир мисол: Intel ходимларидан бири бу компаниянинг штаб-квартираси жойлашган Санта-Кларадан Исроилга келиб, ўз фарзандларини мактабга берган. Ва у мамлакатнинг замонавий мактабларида, ўзи мактабда ўқиган даврга нисбатан, математика, физика ва бошқа аниқ фанларга қизиқаётган жудам камлигидан ажабланган. Бу масалани ўрганиш жараёнида бу нарсага ота-оналар айбдорлиги аниқланди: улар болаларни рағбатлантиришдан ва таълимга йўналтиришдан бош тортишмоқда экан. Натижада, бу ходим ўз ташаббуси билан, бундай ҳолатни ўзгартириш учун, Исроил давлати таълим вазири билан учрашди. Шундай қилиб, вазир Microsoft, IBM, Intel ва бошка жаҳон гигантлари билан ҳамкорликда математика ва физика фанларига қизиқаётган болаларни икки карра кўпайтириш учун мўлжалланган дастур билан шуғуллана бошлади. Биз ўқувчилар учун, уларда математика каби ҳажмли фанга қизиқишни уйғотишга қаратилган жуда ноодатий тақдимотлар уюштирган эдик. Биз ўқувчиларга, агарда улар юқори технологиялар дунёсига эшикни очмоқчи бўлса, бу эшикнинг калитини бугундаёқ қўлга киритишлари зарурлиги ҳақида тушунтириб ўтдик. Шахсан мен, Intel менежери сифатида 2 йил ичида мамлакатнинг 130 дан ортиқроқ мактабларига бордим ва менинг компаниям ушбу тадбирларнинг барчасини моддий таъминлаб берди. 5 йилдан сўнг биз мақсадимизга эришдик — математикани ўрганаётган ўқувчилар сони икки баробар кўпайди.
Хотирамда битта ўқувчи қиз қолди. У рус эди, унинг исми Елена. Бир куни у олдимга келиб, бизнинг тақдимотимиздан аввал у қўшимча ўрганиш учун учта фанни олмоқчи бўлганини, энди эса бешта фанни олмоқчилиги ҳақида айтиб берди. Бундай ҳолатлар кўп, ва бу нарса жудаям ёқади, ўша заҳотидаёқ унумни сезади инсон.
Бу ерда давлат ёрдами масаласига кайтиб давлат тузилмаларини таълимот сегментлари билан ҳамкорлигини кўришимиз мумкин. Албатта, бу ерда соф алтруизм эмас. Давлат ҳозирданоқ, қандай қилиб бизга бир неча йиллардан кейин келиб ишлайдиган ёш муҳандислар сонини ва сифатини ошириш масаласи ҳақида ўйламоқда.
Атиги 5 йил аввал университетларимиздаги олимларнинг кўпчилиги илмий тадқиқотлар билан шуғулланиб бунинг натижасида турли журналлар саҳифаларида кўп сонли мақолалар босилган эди. Бу уларнинг асосий «маҳсулоти» эди. Бугун эса барча университет, институт ва коллежларда ғояларни тижоратлаштириш буйича ички бўлимлар мавжуд. Шунинг учун ўз ишини нашр қилинишига қизиқаётган олим аввало ушбу бўлимлар билан барча жараёнларни мувофиқлаштиради, улар ўз навбатида патент олишга ҳаракат қиладилар. Одатий ҳол, олимлар жуда сабрсиз бўладилар ва кутишни хоҳламайдилар, улар мазкур бўлимлар ишини шошилтирадилар. Илмий ишлаб чиқилган ғояларни патентлаштириш университет (коллеж, институт)га пул маблағларини оқиб келиши учун замин яратади. Мисол учун, мен ишлаётган компанияга фармацевтика, молия ва бошқа соҳаларда экотизимларни ташкил қилиш тажрибасини ўрганаётган йирик ташкилотлар делегациялари тез-тез ташриф буюрар эди. Бу делегациялар аъзолари олимлар билан, улардан билим во ғояларни олиш учун учрашганлар, олимлар эса ўз ақли орқали пул ишлаш мумкинлигини тушунганлар.
Мухбир: Экотизим қандай шаклланади?
Мишель Асияг: «Экотизим» номи табиатдан олинган. Масалан, табиатда сувнинг айланиши — бу экотизим. Юқори технологиялар соҳасида экотизим инсонлардан иборат — олимлар, тадбиркорлар, таълимот сегменти, давлат вакиллари ва ҳоказолардан. Экотизимнинг цементи ва жуда муҳим қисми бу –маданият; бунга яна бир соф исроиллик таркибий қисм- армия қўшилади. Ушбу, кўринишидан тарқоқ, қисмларнинг ҳамкорлиги, уларнинг бирлашиши — булар ҳаммаси экотизимлар. Ҳукумат ва саноат, таълимот ва армия, мисол тариқасида. Яъни, Исроил армиясида ҳизматни ўтаб келган аскар ўз уйига, масалан, кибермайдони соҳасидаги мутахассис бўлиб қайтмоқда. У айнан армияда таълим олган. Менинг ўғлим разведка тузилмасида 5 йил хизматни ўтаган, ва хизматни тамомлаганидан сўнг у касб буйича сифатли тайёргарликка эга бўлган; шунинг учун унга армиядаги хизматининг оҳирги кунидаёқ иш тўғрисида 9 та таклифлар келган.
Армия саноатда ишлаш учун истеъдодли йигитларни тайёрлайди, ҳамда армияга керак бўлган ўқимишли ёш мутахассисларни жалб қилиш заруриятини туғдиради. Бу нарса барча тузилмалар ўзаро алоқадор бўлиши ва экотизимлар ташкил қилиши мумкинлигига яққол мисолдир. Экотизимнинг жуда муҳим жиҳати бу — унинг мустақиллиги, ўзини ўзи бошқариш ва ўзини ўзи ўзгартириш. Ҳар бир экотизим ташқи ўзгаришларга аниқ таъсирланиши, уларга мослашиши шарт. Бу нарса юқори аҳамиятга эга. Экотизим мустақил равишда мослашиш қобилиятига эга бўлса, бундай матрицанинг барча аъзолари мамнун бўладилар. Қисқа қилиб айтганда, win win, яъни, иккала тарафлар ютадилар.
Муҳбир: Ёшларни таҳсил олиш учун қандай қизиқтириш мумкин?
Мишель Асияг: Мен бу ҳақда бироз гапириб ўтдим. Ўйлашимча, уларга шуни кўрсатиш керакки, келажакдаги энг қизиқарли ва чиройли «ўйинчоқ»ни олиш учун калит уларда ҳозирданоқ мавжуд, фақат уни қўлга киритишни билишлари зарур. Ўз ақли ёрдамида ишлаб топиш. Акс ҳолда улар ўша эшикни олдига борганларида, калит топилмайди, кеч! Болалар учун мана бундай қизиқтириш омили. Исроил экотизими муваффақиятининг глобал сирларидан бири шундаки, биз талабаларни ишга жалб қилмоқдамиз. Масалан, бизнинг энг машҳур университетимиз Technion, иш пайтида университетга керакли маърузаларга бориб улардан кейин ишга қайтиш имкониятига эга бўлган ишлаётган талабаларнинг иш жадвалига мослашган. Бу ерда хам «win win», яъни, иккала тарафлар мамнун: саноат малакали, лекин молия жиҳатдан камхаражатли иш кучига эга, талаба эса карьера ўсиши ва, кичик бўлса ҳам, ойлик маошига эга бўлади. Бу талабалар бизнинг келажакдаги мижозларимиз. Бу ерда ва ҳозир.
Мен, менежер бўла туриб, бу йигитларнинг маслаҳат ва истакларига, реал ҳаётларининг талабларига қулоқ солишим зарур. Компаниямиз баъзи ҳолларда истеъдодли катта синф ўқувчиларини ёллайди. Бу 16-17 ёшли болалар. Бир куни мен бундай мактаб ўқувчи қизларнинг бири билан интервью ўтказдим ва уни «агарда саволларингиз бўлса, менга e-mail га ёзинг» сўзлар билан тамомладим. Шунда у қиз ҳайрон қолиб «Сиз ҳалиям электрон почтадан фойдаланасизми?» дея сўради. Мен учун бу нарса кичик шок бўлиб қолган, аммо бу экотизимнинг ўзини ўзи ривожлан тиришнинг яққол мисолидир. Бундай мисоллардан яна бир нечасини келтириш мумкин.
Болаларни таҳсил олиш учун қизиқтиришнинг биринчи омили — бу пулдир. Бу ҳақда мен мактаблардаги тақдимотларда фойдаланадиган слайдлардан бири гапиради. Ўз олдингга қўйган мақсадларга эришиш учун сен молиявий мустақилликка эга бўлишинг зарур. Эркинликка. Мен ўша слайдни жаҳоннинг турли мамлакатлар бўйлаб саёҳатларимдан олиб келган фотосуратлар билан тасвирлаганман, ва бу нарса ишлайди.
З авлоди олдинги авлодга нисбатан бунчалик куч билан пулга қизиқмайди. Уларга унум керак. Улар намунали оилани ва бўш вақтни истайдилар. Бизнинг замонавият ва янги реалликка бўлган таъсирланишимиз — бу ёшлар талабларига мослашиш. Буларни ичида ҳам сиртқи иш, ҳам ҳафтасига бир-икки кун ишлаш имконияти. Кўп ҳолатларда офисда йўқотилган бефойда вақтга нисбатан унум каттароқ аҳамиятга эга. Компания учун ҳар куни бир соатдан ғайрат билан ишлаб бераётган бахтли инсон, офисда кунига 8 соатдан ўтирадиган бахтсиз чарчаган инсондан фарқли ўлароқ, кўпроқ ишларни амалга ошириши мумкин. Бахтли инсонлар сермаҳсулроқ бўладилар. Бекор ўтказилган вақтни ҳисоблашдан кўра, натижаларни ҳисоблаш муҳимроқдир. Натижаларни қадрланглар.
Ёшларни таҳсил олишга қизиқтиришнинг яна бир муҳим томони — қилинган хатолар учун мажбурий жазонинг йўқлиги. Барча тизим шуни тушуниш зарурки, жазонинг муқаррарлиги боланинг сиқилишига, ташқи дунёдан беркилишига ва максимал равишда узоқлашишга олиб келади. У ҳимоя «шлеми»ни кийиб ўз ичига кетади. Бу «шлем» эса мияни қисиб боланинг ривожланишига имконият бермайди.
Мисол учун, Intel’даги менинг гуруҳим жуда қизиқарли лойиҳани амалга оширган. Аммо компаниянинг устуворликлари ўзгарган ва ушбу лойиҳа ёпилган. Мазкур лойиҳа йиқилгани учун, мен умумий йиғилишда гуруҳ аъзоларини саҳнага чақириб, уларга миннатдорчилик билдириб, уларни оилавий нонуштага чақирганимда улар жудаям ҳайратда қолган. Уларнинг ҳайратига жавобан, мен уларга шу нарсани тушунтирдимки, уларнинг мазкур лойиҳага солган куч ва ҳиссалари, уни амалга оширишга интилишлари жуда қимматбаҳодир, ва мен уларга ўхшаб барча инсонларни ишлашларини ҳоҳлайман.
Ҳудди шу ҳолат мактабларда ҳам учрайди. Неча маротаба биз, ота-оналар ва ўқитувчилар, болани биронта ишга уриниши учун уни рағбатлантириш ёки мақтовсиз қолдирган эдик? Болаларни тақдирланглар, уларни мақтанглар, уларга янги эшикларни очинглар!
Танлов натижаларига кўра совринли ўринлар қуйидагича тақсимланди:
Мўминов Музаффар. 3-ўрин. (Герпесга қарши инновацион дори воситасини ишлаб чиққанлик учун.)
Коробейников Слава. 2-ўрин. (Молия технологиялари соҳасидаги маълумотлар крипто-алмашуви бўйича стартап).
Обидов Амир. 1-ўрин. (Cleanbox стерилизаторни ишлаб чиққанлик учун). Хайфа шаҳридаги стартаплар халқаро танловида Ўзбекистон вакили сифатида иштирок этади.
Изоҳ (0)