Ўзбекистонда 28—31 октябрь кунлари Россия ёшлар иттифоқи, ишбилармон доиралари, олий таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида Ўзбекистон – Россия ёшлар фестивали бўлиб ўтди. Фестивальнинг сўнгги кунида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши ҳузуридаги Ёшлар пресс-клубида ўтказилган тадбирлар натижалари сарҳисоб қилинди, деб хабар беради ЎзА.
Россия ёшлар иттифоқи Халқаро бизнес лойиҳалар маркази директори Алексей Ежов, Волгоград давлат университети проректори Геннадий Иванченко ва бошқалар фестиваль баҳона икки мамлакат ёшларининг дўстона алоқалари кучайгани, тадбиркорлик, туризм каби соҳалар бўйича кенг тажриба алмашилгани, ёш тадбиркорлар ўртасида эришилган янги келишувлар ва имзоланган шартномалар иқтисодий ҳамкорликка мустаҳкам замин бўлишини таъкидлади, дейилади хабарда.
Фестиваль доирасида Самарқанд шаҳрида «Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида сайёҳлар оқимини кенгайтиришда ёшларнинг ўрни» мавзусида амалий конференция ташкил этилди. Тақдимотдан сўнг фестиваль иштирокчилари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи музейи экспонатлари билан танишди.
Фестиваль Ёшлар ижод саройида ўтказилган икки мамлакат ёш санъаткорлари ижросидаги маданий дастур билан якунланди.
Изоҳ (0)