29 октябрь куни Молия вазирлигида Жанубий Кореянинг Ажу университети вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Жанубий Корея томондан учрашувда Ажу университетининг халқаро муносабатлар бўйича президенти ўринбосари Жейк Ик Лим, хақларо муносабатлар бўйича профессори Жун Хун Чо, халқаро муносабатлар офиси директори Жей Юн Хим иштирок этди.
Учрашув чоғида Тошкентда Ажу университетининг филиалини очиш масаласи муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, ушбу таълим даргоҳида талабаларга архитектура, электрон муҳандислик, муҳандислик тизимлари қурилиши йўналишлари бўйича таълим берилади.
Жейк Ик Лимнинг сўзларига кўра, Ажу университетининг Тошкентдаги филиалига 2019 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб талабалар қабул қилина бошлайди, квоталар эса 420 нафар талаба қабул қилишга мўлжалланган.
Таълим инглиз тилида олиб борилади, бундан ташқари 2020 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб корейс тилида ҳам таълим дастурларини жорий этиш режалаштирилган.
Ўз навбатида молия вазирлиги ушбу лойиҳани амалга оширишда ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати талабалар учун грант дастурларини ҳам жорий этишни режалаштирмоқда.
Изоҳ (0)