АҚШнинг EBSCO маълумотлар базаси илмий ва таълим муассасаларини ахборот билан таъминлаш соҳасида жаҳондаги етакчи компаниялардан бири. Компания Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб жаҳон нашриётларининг электрон илмий-таълим ресурсларидан фойдаланиш бўйича ўз хизматларини кўрсатишни бошлаган, дея хабар беради ЎзА.
Компаниянинг маълумотлар базалари илмий ходимлар, илмий даража олиш талабгорларига диссертация ишларини юқори даражада ишлаб чиқиш ва ўқитувчиларга кадрлар тайёрлаш даражасини оширишда қулайлик туғдирмоқда. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 120 дан ортиқ илмий марказлари ва барча олий ўқув юртлари АҚШ, Канада ва Европанинг бошқа мамлакатларида чоп этиладиган 4 мингдан зиёд илмий журналлардан маълумот олиш имкониятига эга.
Мазкур хорижий электрон базадан фаол фойдаланувчи ўзбекистонликлар ҳам борки, бугун пойтахтда уларни рағбатлантириш, илм-фан ва таълимни ривожлантириш учун электрон маълумотлар базаларидан тўғри ва унумли фойдаланиш бўйича ахборот саводхонлигини ошириш мақсадида тақдирлаш маросими ўтказилди.
Тадбирда вазирликлар, илмий марказлар ва олий таълим муассасалари вакиллари, олимлар, ахборот-кутубхона муассасалари директорлари, EBSCO Information Services компанияси вакиллари иштирок этди.
«Infolib Uzbekistan» VII Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги доирасида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, EBSCO Information Services компанияси ҳамда «E-line Press» МЧЖ томонидан ташкил этилган тадбирда EBSCO маълумотлар базаси фаол фойдаланувчилари турли номинациялар бўйича тақдирланди.
Изоҳ (0)