Cолиқ қарзини қисқартириш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг қўшма буйруқларига асосан 1121 нафар ходим юридик ва жисмоний шахсларнинг солиқ қарзини суд тартибида ундириш ишларига жалб қилинди. Бу ҳақда «Дарё»га қўмита жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими маълум қилди.
Ҳамкорликдаги тадбирлар натижасида 2018 йилнинг 9 ойи давомида 27669 нафар қарздордан жами 1 583,7 миллиард сўм маблағ давлат бюджетига ундирилди.
Хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда аҳоли ўртасида профилактик тадбирлар ўтказилиб, Солиқ кодексининг 59, 65-моддаларига асосан солиқ тўловчилар зиммаларидаги солиқ мажбуриятларини ўз вақтида бажаришлари, белгиланган тўловларни муддатидан кечиктирмасдан тўлашлари лозимлиги тушунтирилмоқда.
Бироқ огоҳлантиришларга қарамасдан бюджетга тушиши керак бўлган солиқларни тўламаган 8982 нафар қарздорнинг 428,5 миллиард сўмлик 1695 та транспорт воситаси, 1354 та бино- иншооти, 14081 та офис жиҳози ҳамда бошқа турдаги мол-мулклари кимошди савдолари орқали сотиш ва тушган маблағлардан солиқ қарзини тўлаш учун хатловга олинди.
Бундай тадбирлардан кўзланган мақсад кимнидир жазолаш ёки бировнинг мулкини олиб қўйиш эмас, аксинча, қонун устуворлигини таъминлаш, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш эканлиги билдирилмоқда.
Изоҳ (0)