Ўзбекистонда халқ табобати тиббий ёрдамнинг қўшимча усули деб тан олинган. Президентнинг 12 октябрдаги қарори билан уни ривожлантириш бўйича дастур тасдиқланди, деб ёзади Norma.
Ушбу соҳадаги хусусий клиника ва дорихоналар қўллаб-қувватланиб, амбулатор ва стационар тиббиёт муассасаларида ихтисослаштирилган бўлимлар пайдо бўлади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошида Халқ табобатини ривожлантириш кенгаши ташкил этилиб, у мазкур фаолиятни тартибга солиш бўйича таклифларни тайёрлаш билан шуғулланади. Унга малакали табиблар, профессионал шифокорлар, халқ табобати соҳасидаги тадқиқотлар билан шуғулланувчи шахслар ва бошқа мутахассислар киритилади. Ўзбекистон халқ табобати ассоциациясини (жамияти) ташкил этиш режалаштирилган.
Халқ табобати усуллари билан даволаш бўйича хизматлар кўрсатиш лицензиялаштирилган фаолият турига айланади. Ушбу меъёрни амалга ошириш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошида махсус комиссия ташкил этилмоқда.
Ушбу йўналишда кадрларни тайёрлаш тизими ҳам ислоҳ қилинади.
Изоҳ (0)