Туркиядаги қадимий музейлардан бирида изланиш олиб бораётган Термиз давлат университетининг илмий тадқиқотчиси Жўрабек Чўтматов Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн ал Ҳасан ибн Башир ал Ҳаким ат-Термизийнинг бугунгача «мафқуд», яъни «йўқолган» деб келинган асарини топди. Асар Қуръондаги Фотиҳа ва Бақара сурасининг шарҳига бағишланган. Бу ҳақда Turon 24 хабар берди.
Топилган янги қўлёзма Мавороуннаҳрда Қуръон шарҳига бағишланган илк асар сифатида баҳоланмоқда. Ҳозирда мазкур асарни дунё тадқиқотчилари эътиборига ҳавола этиш учун араб тилида чоп этиш ишлари бошланган. Сўнгра ўзбек тилида нашрга тайёрланади.
Мисрлик олим шайх Абдулфаттоҳ Абдуллоҳ Бараканинг таъкидлашича, Термизий тўрт юздан ортиқ китоб ёзган бўлиб, улардан олтмишга яқини бизгача етиб келган. Алломанинг асарлари Париж, Қоҳира, Дамашқ, Искандария, Истанбул ва Лондон каби шаҳарлардаги қўлёзмалар жамғармаларида сақланади.
Изоҳ (0)