Францияда «Ўзбекистон маданияти ва санъати кунлари» доирасида турли маданий-маърифий тадбирлар, санъат кечалари ўтказилмоқда. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Юлдуз Турдиева Париждаги De la Ville театрида концерт берди. Бу ҳақда Turon 24 хабар берди.
Концерт De la Ville театри продюсери, мусиқашунос Соудабеҳ Кия томонидан ташкил этилди. У Ўзбекистонда ўтказилган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалида ҳакамлар ҳайъати аъзоси бўлган, мақом санъати бўйича тажрибали мутахассис ҳисобланади. Соудабеҳ Кия 2018 йили Шаҳрисабзда ташкил этилган халқаро мақом анжуманига ташриф буюрган. Парижда Ўзбекистон халқ артистлари Турғун Алиматов, Муножот Йўлчиеваларнинг концертларини ўтказишда ташкилотчилик қилган.
Концертга Франциянинг маданий, академик доиралари, жамоатчилик вакиллари таклиф этилди. «Дугоҳ», «Сараҳбори оромижон», «Муножот» каби мақом санъати дурдоналари, мавригилар ҳамда халқ ашулаларидан тузилган бир ярим соатлик концерт дастури парижликлар эътирофига сазовор бўлди.
Изоҳ (0)