Парижда 5 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг Францияга давлат ташрифи арафасида ўтказилган Ўзбекистон—Франция бизнес-форуми доирасида Миллий банк ва NATIXIS банки 500 миллион евролик кредит битимларини имзолади.
Битимлар экспорт-кредит агентликлари кафолати остида Франция ва бошқа Европа мамлакатларидан юқори технологиялар ва хизматларни кичик бизнес субъектлари ва хусусий тадбиркорларга етказиб бериш бўйича инвестицион лойиҳаларни молиялаштиришни кенгайтиришни назарда тутади.
Келишувларга кўра, битимлар доирасида экспортни молиялаштирувчи лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда Европа капитал бозорига киришда кўмак бериш ҳамда стратегик лойиҳаларни амалга ошириш учун кредитларни ажратишни кўзда тутилган.
NATIXIS банки билан ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар ривожланишига омил бўлади, шунингдек, мақбул шартларда узоқ муддатли кредит ресурсларини жалб этиш ва Ўзбекистонда бизнес қилиш учун янги инвестицион имкониятларни яратади.
Маълумот учун, NATIXIS Франциянинг энг йирик корпоратив ва инвестиция банкларидан бири бўлиб, BPCE Group таркибига киради ҳамда мамлакатда катталиги жиҳатидан тўртинчи ўринда туради.
Изоҳ (0)