Жиззах вилоятида жойлашган бир қатор умумтаълим мактабларининг ўқувчи ёшлари ҳамда Бахмал туманида жойлашган Педагогика коллежи талабалари учун вилоятдаги ҳарбий қисмлардан бирига экскурсия уюштирилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Ўзбекистон Президентининг 4 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорининг мазмун-моҳиятини барчага етказиш мақсадида ўтказилган ушбу тадбирда 300 нафардан ортиқ ўқувчи ва талабалар иштирок этди.
Ҳарбий қисмга ташриф буюрганлар учун ўқотар қуроллардан фойдаланиш тартиби, муҳандислар ва тоғ тайёргарлиги бўйича кўргазмали чиқишлар уюштирилди. Ҳарбий техникалар, айниқса, ўқотар қуроллар намойиши эса барчага бирдек манзур бўлди.
Тадбир якунида ўқувчи ёшлар ҳамда ҳарбий хизматчилар ўртасида футбол мусобақаси бўлиб ўтди. Хайрлашув чоғида барчага турли бадиий китоблар ва эсдалик совғалари топширилди.
Изоҳ (0)