Самара-Шимкент трассасида ёниб кетган автобусда ҳалок бўлган 52 нафар ўзбекистонликлар яқинлари томонидан айтилган талаблар маълум бўлди, деб ёзади Sputnik. Судланувчи 5 киши бу суммани тўлашга уларнинг қурби етмаслигини маълум қилган.
Ақтўбе вилоятидаги трассада автобус ёнғини вақтида тириклайин ёнган 52 нафар ўзбекистонликнинг қариндошлари ҳар бир судланувчидан етказилган маънавий зарар учун 150 миллион тангадан талаб қилди.
Ўзбекистонликларнинг қариндошлари талаб қилган умумий сумма 7 миллиард 800 миллион тангани (21 миллион доллардан ортиқни) ташкил қилади.
Эслатиб ўтамиз, фожиа жорий йилнинг 18 январида Самара-Шимкент трассасининг 1068-километрида юз берган. Kassbohrer Setra русумли йўловчи автобуси салонида ўша вақтда 55 йўловчи — Ўзбекистон фуқаролари ва уч нафар қозоғистонлик ҳайдовчилар бўлган.
Йўловчиларнинг бир нечтаси аланга олган автобус ичидан сакраб чиқишга муваффақ бўлган, қолганлари тириклай ёнган.
Автобус салонидаги температура шу даражада юқори бўлганки, айрим жасадлардан фақат кул қолган, холос. Автобусда ёнган 16 киши Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидан бўлган.
Автобус ҳайдовчилари ўзларига қўйилган айбни тан олмаяпти ва уларни қўйиб юборишларини талаб қилмоқда.
Изоҳ (0)