«Ҳазорасп деҳқон бозори» МЧЖ ҳудудида қассоблик фаолияти билан шуғулланиб келган Д.Қ. ўзи санитария тиббий кўригидан ўтмасдан, сотадиган гўшт маҳсулотларини ветеринария-санитария қоидалари ва нормалари асосида лаборатория текширувларидан ўтказмасдан 35,7 кг сифатсиз қорамол гўштини харидор Э.А.га жами 870.000 сўмга сотаётган вақтида ушланди. Бу ҳақда UZ24 хабар берди.
Шунингдек, қассобнинг ёнида бўлган, истеъмолга яроқсиз, аммо сотишга мўлжалланган 11 кг қорамол гўшти ва 8 кг 340 грамм қорамол сон суяги далилий ашё сифатида ҳужжатлаштириб олинган.
Тезкор тадбирлар давомида Департаментнинг Ҳазорасп туман бўлими ходимлари томонидан сифатсиз ва истеъмолга яроқсиз гўшт сотаётган шахс ушлангач, Ҳазорасп туман ветеринария бўлимига гўштдан лаборатория текшируви учун намуна олиниши юзасидан топшириқлар берилган. Қорамол гўшти ўлчаб кўрилиб, унинг бирор жойида ветеринария лабораториясидан кўрикдан ўтказилганлиги тўғрисида тамға йўқлиги аниқлангач, лаборатория текшируви учун намуна олинган.
Ҳазорасп туман ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказида ноқонуний сотув жараёнида олинган жами 47 кг 250 грамм гўшт ва 8 кг 340 грамм суякларнинг сифат даражаси, истеъмолга яроқли-яроқсизлиги, маҳсулотнинг органалептик хусусиятлари, истеъмолчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бериш-бермаслиги юзасидан текширувлар олиб борилган.
Текширув натижалари шуни кўрсатмоқдаки, ушбу маҳсулотнинг ранги, ҳиди ўзига хос эмаслиги, ранги қорамтир тусга кирганлиги ва ҳидланганлиги, кўкариб кетганлиги сабабли ушбу маҳсулот истеъмолга яроқсиз.
Судланувчи Д.Қ.га ЖКнинг 186-моддаси 1-қисми билан 120 (бир юз йигирма) соат мажбурий жамоат ишлари жазоси тайинланган.
Изоҳ (0)