Ҳиндистон президентининг «Раштрапати Бхаван» саройида Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.
Давлат раҳбарини Ҳиндистон президенти Рам Натҳ Ковинд ва бош вазир Нарендра Моди кутиб олди.
Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Президент шоҳсупага кўтарилди. Икки мамлакат давлат мадҳиялари янгради.
Шавкат Мирзиёев шу ерда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун қисқача баёнот берди.
Давлат раҳбари Ҳиндистон президенти ва бош вазирига таклиф учун миннатдорлик билдириб, халқларни тарихий ришталар, ўхшаш анъаналар боғлаб туришини таъкидлади.
«Ҳиндистон бугунги кунда жадал ривожланиб, жаҳон иқтисодиётидаги ўрнини мустаҳкамлаб бораётган глобал давлат. Биз олий даражадаги учрашувларимиз натижасида фаоллашиб бораётган Ўзбекистон ва Ҳиндистон муносабатларининг бугунги суръатини юқори баҳолаймиз. Ишончим комилки, ушбу ташриф ва самарали музокаралар стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиқади», деди Шавкат Мирзиёев.
Изоҳ (0)