Аввалроқ Рио—2016 Олимпиадаси чемпиони, бугунги кунда профессионал боксда фаолият олиб бораётган ўзбекистонлик боксчи Фазлиддин Ғоибназаров 20 октябрь куни ўзининг навбатдаги жангини ўтказиши ҳақида хабар берилганди.
Фазлиддинга проф рингдаги 6-жангида америкалик боксчи Уилберт Лопес рақиблик қилади. Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати жангдан олдин боксчининг тайёргарлиги қандай бораётганлиги билан қизиқди.
«Навбатдаги рақибим профессионал рингда яхшигина тажрибага эга. Чапақай. Мен ҳар бир рақибга қарши алоҳида тайёргарлик олиб бораман. Тўқнаш келадиган рақибимни ўрганмай рингга чиқмайман. Тайёргарликни унинг чапақайлигини ҳисобга олган ҳолда олиб боряпмиз. Машғулот залларини ҳам шунга қараб ўзгартириб турибмиз. Тажрибали чапақай боксчилар билан спарринг жанглар ўтказдим. Бир сўз билан айтганда, тайёргарлик рақибни тўлиқ ўрганишга қаратилган. Ўйлайманки, бу менга асқатади. 20 октябрь куни томошабоп жанг ўтказиб, ғалабага эришмоқчиман»,—дейди Ғоибназаров.
Маълумот учун, Фазлиддин шу кунгача профессионал рингда 5 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасини ўз фойдасига ҳал қилган. Жангларнинг 2 тасида нокаут эвазига рақибларини мағлуб этган.
Лопеснинг тажрибаси эса бу борада бироз кўпроқ. У профессионал рингда 34 та жанг ўтказиб, уларнинг 23 тасида ғалаба қозонган. 15 тасида рақибларини нокаутга учратган. 9 та тўқнашувда эса мағлубиятга учраган. 1 та жангда муддатидан олдин ютқазиб қўйган.
Изоҳ (0)