Ислом дунёсининг машҳур олими Шайх Муҳаммад Аввоманинг Ўзбекистонга ташрифи давом этмоқда, деб ёзади «Islom.uz».
25 сентябрь куни муҳаддис олим Шайх Муҳаммад Аввома ҳазратлари бошчилигидаги меҳмонлар Кўкча даҳасидаги «Шайх Зайниддин» қабристонига келиб, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ қабрларини зиёрат қилди.
Сўнгра меҳмонлар Қорасарой кўчасининг Ҳастимом мажмуасига бориб, у ердаги музей-кутубхонада сақланаётган Усмон Мушафини кўздан кечирди.
Кейин Абу Бакр Қаффоли Шоший роҳимаҳуллонинг қабрларини ҳам зиёрат қилди. Зиёрат асносида Шайх ҳазратлари ўзларининг «Маолими иршодийя ли толиби илм» асарларидан Қаффоли Шоший ҳазратларининг талаби илмни бошлашларига сабаб бўлган қиссани ўқиб, ундан олинадиган ибратларни зиёратчиларга сўзлаб берди.
Навбатдаги ташриф манзили Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти бўлди. Ташриф давомида ўқув юрти мадаррис ва талабалари билан илмий-маърифий суҳбатлар ўтказилди. Учрашувда илми толибларга талаби илм борасида қимматли маслаҳат ҳамда кўрсатмалар берилди.
Куннинг иккинчи ярмида Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ Ўзбекистон Мусулмонлар идораси раиси муфтий Усмонхон Алимов ҳазрат билан учрашди.
Изоҳ (0)