Жанубий Кореянинг Чоннам тиббиёт институти кўнгиллилар гуруҳи шифокорлари Фарғона вилоятида эҳтиёжманд оилаларда яшовчи, юқори малакали тиббий ёрдамга муҳтож бўлган беморларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизжон Эрматов хабар берди.
Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида кореялик етакчи кардиолог, тиббий реабилитация врачи, офталмолог, травматолог-ортопед, стоматолог, радиолог, отириноларинголог каби мутахассислар томонидан аҳолини беғараз тиббий кўрикдан ўтказиш, операцион усуллар билан даволаш ва бошқа тиббий хизматлар кўрсатилди.
Дастлаб беморларга замонавий тиббий ускуналар ёрдамида ташхис қўйилиб, уларга шифокорлар тавсияси билан 14 йўналишдаги 600 хил тиббий дори-дармон воситалари бепул тарқатилди.
Кореялик тажрибали мутахассислар иштирокида чаноқ сон бўғимини эндопротезлаш, бурун септопластикаси, гайморотамия бўйича жарроҳлик амалиётлари ўтказилди.
Тиббий кўрик давомида хорижлик шифокорлар томонидан зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди.
Изоҳ (0)