Ҳиндистоннинг Beta Drugs компанияси Ўзбекистонда онкологик дори воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш тўғрисидаги меморандумни имзолаб, маҳаллий ҳамкорлар билан қўшма корхона ташкил этди. Бу ҳақда қўшма корхона маъмурияти маълум қилди, деб ёзади «Газета.uz».
Тошкент вилоятининг Бекобод туманида жойлашган завод GMP стандартларига тўлиқ жавоб берувчи ускуналар билан жиҳозланган. Тўлиқ қуввати йилига 72 миллион таблетка ва капсулани ташкил этади. Инексион препаратларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳам режалаширилмоқда.
Компания кўкрак бези саратони, лейкемия, колоректал саратон, ошқозон саратони, простата ва бошқа онкологик касалликларни даволаш учун саратон ўсмаларига қарши импорт ўрнини босувчи дори воситаларни ишлаб чиқишни мақсад қилган.
«Нархларимизнинг рақобатбардош, халқаро аналоглардан тахминан 20−25 фоиз арзон бўлиши кутилаяпти. Шунингдек маҳсулотларни халқаро бозорда сотишни ҳам режалаштирганмиз», — деди Beta Drugs тижорат директори Рахул Батра.
Beta Drugs — юқори қўшилган қийматли саратон ўсмаларига қарши препаратлар ишлаб чиқарувчиси. Компания фаол субстанциялар, парентерал препаратлар, таблетка, капсула ва суюқликлар ишлаб чиқариш бўйича тўртта заводга эга.
Изоҳ (0)