Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасига Чилонзор туманида яшовчи Ғ.I. мурожаат қилиб, кечаси соат 23:00 атрофида Бешқўрғон кўчасидаги уйи олдида турган «ВАЗ-2106» автомобили олиб қочилганини хабар қилган, деб ёзади Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати.
Фуқаронинг маълум қилишича, автомашина ёпиқ ҳолда бўлган.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари машинанинг қаерда эканлигини бир соатдан кўпроқ вақт ичида аниқлаган ва уни олиб қочган шахсни ушлаган.
Жиззахлик 25 ёшли С.У. Тошкент вилояти Зангиота тумани Эркин кўчасида тўхтатилган. У алкоголь ичимлик таъсирида бўлгани учун машинани қаердан ва нима учун олиб қочганини тушунтириб бера олмаган.
Автомобиль ўз эгасига техник соз ҳолатида топширилди, бироқ унинг ҳайдовчи эшиги томонидаги қулфи бузилган эди. Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилган.
Изоҳ (0)