Тошкентда ички ишлар ходимининг хизмат кийимини кийиб, фирибгарликка қўл урган Бекзод Одилбеков ва унинг шериги Анвархўжа Шоисаев қўлга олинди. Бу ҳақда «Тошкент» телеканалининг «Пойтахт-вазият» дастурида маълум қилинди, дея хабар беради ЎзА.
Улар жорий йил 28 февраль куни соат 16:30 ларда Миробод тумани ҳудудидаги «Болажон» истироҳат боғига келади ва шу ерда сайр қилиб юрган Ҳакимов ҳамда Юсупованинг олдига бориб, уларни сўроққа тутади. Мақсад пўписа қилиш орқали пул ишлаб олиш эди. Айнан шунинг учун жамоат жойида беҳаё ҳаракатларни содир этганлик билан туҳмат қилиб, бу ҳақда улар яшайдиган маҳаллада муҳокама қилмаслик эвазига пул талаб қилади.
Жабрланувчилар мурожаати бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг тезкор тадбирлари ўтказилди. Натижада Одилбеков ва Шоисаев 80 минг сўм олган вақтида ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, уларнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.
Изоҳ (0)