Бугун, 19 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда ишчи ташриф билан бўлиб турган АҚШ Миссисипи штати Миллий гвардияси қўмондони генерал Женсон Бойлз ва АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг Миссисипи штатидан аъзоси, штат Миллий гвардияси генерали Трент Келлини қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув чоғида Ўзбекистон Миллий гвардияси ва тегишли идораларининг Миссисипи штати Миллий гвардияси билан амалий ҳамкорлигини кучайтириш, шу жумладан, фавқулодда вазиятларда тезкор жавоб кўрсатиш ва жамоатчилик тартибини таъминлаш соҳасида тажриба алмашиш, тренинг ва тадбирлар ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.
Алоҳида эътибор парламентлараро алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, Миссисипи штатининг савдо ва инновациялар, қишлоқ хўжалиги, таълим соҳасидаги етакчи корхона ва компаниялари билан шериклик алоқаларини ўрнатишга қаратилди.
Меҳмонлар Ўзбекистонда сифатли янги босқичда амалга оширилиб, барча соҳа ва йўналишларни қамраб олаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларни юқори баҳолади.
Америка делегацияси аъзолари тўлиқ кўламли Ўзбекистон-Америка амалий шериклигини янада ривожлантиришга ҳаракат қилиш ниятини тасдиқлади.
Изоҳ (0)