Давлат солиқ қўмитаси тажриба тариқасида Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани тадбиркорларини паспортлаштириш жараёнини бошлади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Бу Президентнинг 2018 йил 26 июндаги «Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ амалга оширилаётган бўлиб, унда давлат солиқ маъмуриятчилиги тизимини такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишлари белгиланган.
Қарорда, хусусан, 2018 йил 1 октябрдан давлат солиқ хизмати органлари солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун асос бўладиган кўздан кечириш далолатномасини тузиш орқали солиқ тўловчиларнинг паспортлаштирилиши юритилиши белгиланган.
Мирзо Улуғбек туманидаги 54 маҳаллада тажриба тариқасида тадбиркорлар паспортларини тузиш тадбирлари ўтказилмоқда. Бунда солиқ органлари ходимлари томонидан корхоналарнинг белгиланган манзилда жойлашгани, компания фаолияти тури ўрганилмоқда, ходимлар сонини кўрсатилган ҳисобот билан таққосланиб, ҳужжатсиз меҳнат қилаётган тадбиркорлар аниқланмоқда.
Шу мақсадда Мирзо Улуғбек тумани давлат солиқ инспекцияси томонидан 17 ишчи гуруҳи тузилди. Унинг таркибига шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимлиги молия бўлими, туман тижорат банклари, давлат солиқ бошқаруви ва инспекцияси ходимларидан иборат 170 нафар киши кирган.
Бугунги кунда туманда қарийб 8 минг нафар хўжалик субъекти рўйхатдан ўтган. Уларнинг 6 минг нафардан зиёди юридик шахслар ва қарийб 2 минг нафари якка тартибдаги тадбиркордир. Ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан шу кунгача 6 минг нафардан ортиқ тадбиркорнинг паспорти тузилиб, маълумотлар базаси шакллантирилди.
Бу каби тадбирлар самарасида мунтазам солиқ тўлашдан бош тортувчи шахслар аниқланади. Хусусан, 1 070 нафар фуқаро рўйхатдан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётгани, 277 якка тартибдаги тадбиркорда 507 нафар шахс тегишли равишда расмийлаштирилмасдан ёлланма ходим сифатида ишлаётгани маълум бўлди. Шу ва бошқа аниқланган қонунбузарлик ҳолатларини бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.