Ўзбекистоннинг 4 нафар фуқароси Таиландга киритилмаганлиги ва Бангкок аэропортида ушлаб турилганлиги муносабати билан Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик-ҳуқуқий департаменти 2018 йил 7 сентябрь куни фуқаролар Қ.Саъдуллаев, Ж.Қурбонов, А.Иноғомов, А.Абдуллаев мазкур масала юзасидан Ўзбекистоннинг Бангкок шаҳридаги Бош консулхонасига мурожаат қилганини хабар берди.
Шу куннинг ўзида вазиятни воқеа жойининг ўзида ўрганиш ва зарурат бўлса консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш учун Бош консулхона ходими Бангкок шаҳри аэропортига борди.
Таиланд иммиграция хизмати бўлинмасининг расмий маълумотларига кўра, мазкур фуқароларнинг мамлакатга киришларига рад жавоби берилишига улар томонидан ташриф мақсади, яшаш жойи тўғрисида тақдим этилган маълумотларнинг шубҳа туғдиргани сабаб бўлган.
Ҳозирги вақтда Бош консулхона Ўзбекистон фуқароларини навбатдаги авиарейс билан мамлакатга қайтариш учун Таиланднинг тегишли ҳокимият органлари ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси ваколатхонаси билан доимий алоқада бўлиб турибди.
Изоҳ (0)