Қирғизистонда бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон кўчманчи халқлар ўйинларида улоқ кўпкари баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси муваффақиятли иштирокини давом эттирди. Бу ҳақда «Халқ сўзи Online» хабар берди.
6 сентябрь куни Ўзбекистон кўпкари жамоаси Қозоғистон кўпкари терма жамоаси билан баҳс ўтказиб, 5:4 ҳисобида ғалабага эришди.
Энди ўзбекистонлик улоқчилар финалда Қирғизистон терма жамоасига қарши кураш олиб боради. Мезбонлар ярим финалда Россия термаси устидан йирик ҳисобда ғалабага эришган.
Қайд этиш керакки, Қозоғистон амалдаги жаҳон чемпиони ҳисобланарди, Ўзбекистон жамоаси эса шу вақтгача ҳеч бир халқаро турнирда финал босқичига йўл олмаганди. Қозоғистон энди россияликлар билан учинчи ўрин учун баҳс олиб боради.
Ўзбекистон кўпкари жамоаси 3 сентябрь куни Бошқирдистон Республикаси вакилларини 20:2 ҳисобида, 5 сентябрь Франция жамоасини 19:6 ҳисобида мағлуб этган ва ярим финал йўлланмасини қўлга киритганди.
Изоҳ (0)