Шаҳрисабз шаҳрида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йилнинг 6—10 сентябрь кунлари I Халқаро мақом анжумани ўтказилади. Шу мақсадда Амир Темурнинг ҳайкали ўрнатилган Оқсарой майдони ҳудудида республиканинг ҳар бир вилояти ўзига хос миллий урф-одат ва анъаналари, тарихий обидаларини акс эттирувчи намуналар ўрнатилган. Бу ҳақда Матбуот ва ахборот агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Бу ерда турли саҳна кўринишлари, миллий куй-қўшиқлар, ялла-ю лапарлар ижро этилаяпти.
Халқаро мақом санъати анжуманида 75 давлатдан 300 дан ортиқ санъаткорлар иштирок этиш истагини билдирган. Маҳаҳллий электрон ва босма ОАВ вакилларидан ташқари кўплаб чет эл оммавий ахборот воситалари ходимлари мазкур анжуманни ёритиш учун рўйхатдан ўтган.
Айни пайтда I Халқаро мақом анжумани ишини оммавий ахборот воситаларида ёритиш учун махсус ташкил этилган Матбуот маркази маҳаллий ва халқаро журналистлар билан гавжум. Уларнинг анжуман ҳақидаги фикрларига қизиқдик.
– Анжуманни юксак савияда ўтказиш учун пухта тайёргарлик кўрилган, – дейди «Россия 24» телеканали журналисти Роберт Францев. – Оқсарой ҳудудида мамлакат вилоят ва шаҳарларининг диққатга сазовар жойлари, тарихий обидалари, миллий урф-одат ва анъаналаридан намуналар ташкил этилгани анжуманга ўзига хос мазмун бағишлаган. Улар менда катта таасурот қолдирди. Мақом санъати Ўзбекистоннинг миллий бренди сифатида дунёга танилиши, шубҳасиз.
Изоҳ (0)