Бортида 164 йўловчи бўлган Утаир авиакомпаниясининг Москвадан учиб келаётган Boeing 737 самолёти Сочи аэропортига қўнаётган пайтда учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетиб, дарё ўзанига қулади. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
Самолётнинг шасси тиргаклари ва қаноти синган, чап двигатель ёнган. Лайнернинг бурун қисмига ҳам шикаст етган.
Самолёт бортидагилардан ҳеч ким ҳалок бўлмаган, аммо қутқарув ишлари вақтида Сочи аэропорти ходими вафот этган. Дастлабки тахминларга кўра, унинг ўлимига юрак хуружи сабаб бўлган.
Бортда бўлган 164 йўловчи ва 6 экипаж аъзоси эвакуация қилинган. Ҳодиса оқибатида 18 киши жароҳатланган, улардан 3 нафари болалардир. Ҳозир жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Уларнинг соғлиғига ҳеч нарса хавф солмаётгани айтилмоқда.
Изоҳ (0)