Бугун, 30 август санасида Индонезиянинг Жакарта ҳамда Палембанг шаҳарларида XVIII ёзги Осиё ўйинлари давом этмоқда.
Ўзбек кураши бўйича -90 кг вазн тоифасидаги финал баҳсида икки ўзбекистонлик курашчи — Яҳё Имомов ва Шермуҳаммад Жандриев ўзаро беллашиши ҳақида аввалроқ хабар берилганди.
Финал баҳсида Шермуҳаммад Яҳёни кичик устунлик билан мағлуб этиб, Ўзбекистон ҳисобига 15-олтин медални тақдим этди. Яҳё эса 19-кумуш медални делегация ҳисобига ёзиб қўйди. Бу орқали делегация медаллари сони 52 тага етди.
Шу тариқа Ўзбекистоннинг олтин жамғариш бўйича Пусан—2002 мусобақаларидаги энг яхши — 15 та олтин натижаси такрорланди. Энди у катта эҳтимол билан янгиланишда давом этади.
Маълумот учун, ярим финалда Имомов финал йўлланмаси учун қозоғистонлик Ерсултон Музаппаровга қарши баҳсда ғолиб бўлиб, финалга чиққанди. Жандриев эса ярим финалда иорданиялик Ҳусайн Мисрийга қарши гиламга чиқиб, ғалабага эришган ҳолда финалга йўл олганди.
Изоҳ (0)