Россия Федерал қўриқлов хизмати бошлиғи собиқ биринчи ўринбосари генерал-майор Борис Ратников «MK.ru» билан интервьюда Борис Ельцин ҳукмронлиги давридаги баъзи воқеалар ҳақида гапириб берди.
У ўша вақтда олий давлат мансабдорларини қўриқлаш масаласида уларга келажакни кўра оладиган кишилар ёрдам берганини айтди. «1992 йилда Борис Ельцин биринчи марта Россия президенти сифатида Америкага расмий ташриф билан учиб кетди. Бизнинг хизмат экстрасенс оператор хизматидан фойдаланган, у ташриф хавфсизлигини масофадан туриб, Москвадан назорат қилган», — деди у.
Экстрасенс оператор вазифасини яхши экстрасенсорлик қобилиятларига эга бўлган генерал-майор Георгий Рогозин бажарган. «Экстрасенс муайян объектнинг хаёл майдонига кириб, унинг ниятлари ва ҳаракатлари ҳақидаги ахборотни олади. Шу тариқа олинган ахборотни Бош штаб ва махсус хизматлар билан бўлишганмиз. Алоҳида аниқланган хавфлар ҳақида Россия президентига маълум қилинган», — деди Ратников.
«Ҳамма нарсани кўра биладиган операторларингиз бўла туриб, Ельцин ҳокимлиги вақтида ағдар-тўнтар ва урушлар бўлганига сабаб нима?» — деган саволга Ратников Ельцин махсус хизматлар ва экстрасенсларнинг огоҳлантиришларига бепарволик билан муносабатда бўлганлигини айтди.
Изоҳ (0)