Макка шаҳридаги «Аброжул Ҳидоя» меҳмонхонасида «Ҳаж-2018» ишчи гуруҳи раҳбари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасаннинг Саудия Арабистонидаги ҳамкор «Ал-Ҳидоя» ширкати ва Индонезиядаги «Бурҳонул Ҳидоя» ширкати раҳбарлари билан мулоқоти ташкил этилди. Бу ҳақда ЎМИ матбуот хизмати маълум қилди.
Учрашувда индонезиялик зиёратчиларнинг Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари орқали Умра зиёратига боришини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, ҳар йили 150-200 минг индонезиялик қадимий шаҳарларнинг диққатга сазовор жойларини зиёрат қилиб, сўнг умра сафарига шу ернинг ўзидан жўнаб кетиши мумкин.
Ушбу жараённи самарали ташкил этиш мақсадида ҳамкор ширкат раҳбари шайх Солиҳ Салим Баҳвиний яқинда Ўзбекистонга келади. Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида амалга ошириладиган ушбу ташриф давомида Туризмни ривожлантириш қўмитаси ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК мутасаддилари билан учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.
Маълумот учун, индонезияликларнинг Ўзбекистон орқали Умра сафарига жўнаб кетиши жорий йил октябрь ойидан бошланиши белгиланган.
Изоҳ (0)