Хитойнинг Ички Монголия автоном тумани жамоатчилик хавфсизлиги департаменти делегациясининг Ўзбекистонга келиши доирасида Тошкент шаҳар ИИББда учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда ИИББ матбуот хизмати маълум қилди.
Учрашувда мазкур ҳуқуқ-тартибот органларининг ўзаро ҳамкорлигига оид масалалар муҳокама қилинди.
Ички Монголия автоном тумани Жамоатчилик хавфсизлиги департаменти бошлиғи ўринбосари Чен Инсзе бошчилигидаги делегация аъзолари ва Тошкент шаҳар ИИББ вакиллари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда соҳада тажриба алмашиш, жумладан, халқаро терроризм ва экстремизм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси ҳамда жиноятларни фош этишда яқиндан ҳамкорлик қилишдан томонларнинг манфаатдорлиги қайд этиб ўтилди.
Учрашувда, шунингдек, ҳамкорликнинг бошқа йўналишлари, хусусан, кадрлар тайёрлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, ёшлар ва вояга етмаганлар иштирокидаги жиноятларга қарши курашишда ҳам ўзаро тажриба алмашиш амалиётлари муҳокама қилинди.
Делегация аъзолари Тошкент шаҳар ЙҲХ тизими компьютер бошқармаси, Вояга етмаганларга ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш маркази ҳамда Ички ишлар бўлимлари фаолияти билан ҳам яқиндан танишиши кўзда тутилган.
Изоҳ (0)