Маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш бўйича Республика ишчи гуруҳи Фарғона вилояти Боғдод туманида аҳолининг турмуш шароитлари билан танишмоқда. Бу ҳақида «Дарё» мухбири Азизжон Эрматов хабар бермоқда.
Давлат хизматлари агентлиги ходимлари ҳам ишчи гуруҳ таркибида уйма-уй юриб, аҳолига ҳуқуқий ёрдам кўрсатмоқда.
Иш жараёнида агентлик ходимлари томонидан фуқаролар Қаҳрамон Фармонов ва Саидахон Алижонованинг 2011 йилда туғилган фарзанди Муслимахон Раҳимжоновага шу кунга қадар туғилганлик ҳақида гувоҳнома берилмагани аниқланган.
Шундан кейин Давлат хизматлари агентлиги кўмагида боланинг туғилгани ҳақида гувоҳнома расмийлаштирилди ва ота-онасига тақдим қилинди. Қаҳрамон Фармонов ва Саидахон Алижоновага эса никоҳ қайд этилгани ҳақида гувоҳнома расмийлаштириб берилди.
Шунингдек, Давлат хизматлари агентлиги ходимлари томонидан «Обод юрт» маҳалласида истиқомат қилувчи Шарофатхон Исақованинг ногиронлик аравачасига муҳтожлиги аниқланди ва унга янги ногиронлик аравачаси олиб берилди.
Изоҳ (0)