АҚШ томонидан Россияга қарши санкцияларнинг янада кенгайтирилишини иқтисодий уруш эълон қилиш деб баҳолаш мумкин бўлади. Бундай фикрни Россия бош вазири Дмитрий Медведев билдириб ўтди, деб ёзади «Интерфакс».
«Агар банклар фаолиятини ёки у ёки бу валютани қўллашни тақиқлаш каби яна бирор чора кўрилса, буни тўғридан-тўғри иқтисодий уруш эълон қилиш деб аташ мумкин бўлади», — деди у Камчатка ўлкасида Кроноцкий давлат қўриқхонаси ходимлари билан учрашувда.
Медведев таъкидлашича, Вашингтоннинг чораларига иқтисодий, сиёсий усуллар билан, «зарур бўлганда эса бошқача усуллар билан» жавоб қилиш керак, буни АҚШ «тушуниши керак».
«Бу нима учун қилинмоқда? Россияни халқаро майдондаги кучли рақобатчилар сафидан чиқариш учун», — дея аниқлик киритди бош вазир.
8 август куни АҚШ давлат департаменти Россияга нисбатан янги санкциялар жорий қилишини эълон қилган. Санкцияларнинг биринчи пакети 22 август куни кучга кириши кутилмоқда.
Изоҳ (0)