Индонезиянинг Ломбок оролида юз берган зилзила оқибатида камида 142 киши ҳалок бўлди, дея «Корреспондент.net» хабар бермоқда.
Индонезиянинг табиий офатлар оқибатларига қарши курашиш агентлиги вакилининг берган маълумотларига кўра, зилзила оролнинг шимолий қисмига катта талафот етказган. Маълум қилинишича, қутқарувчилар айрим ҳудудларга ҳали етиб бормагани сабабли қурбонлар сони хабар қилинганидан кўпроқ бўлиши мумкин.
Шунингдек, Матарам шаҳрида кўплаб биноларнинг зарар кўргани маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 5 август якшанба куни оролда 6,9 балли зилзила юз берган. Аввалроқ 80 нафар, кейин эса 91 нафар қурбонлар ҳақида хабар қилинган. Ер силкинишлари қўшни Бали оролида ҳам сезилган. Маълумотларга қараганда, Балида 2 киши ҳалок бўлган.
Бу бир ҳафта ичида Балида юз берган иккинчи зилзиладир. 29 июль, якшанба куни оролда 6,4 балли ер силкинишлари қайд этилган. Шу куни маҳаллий ҳукумат 10 кишининг ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилган. 30 июль, душанба куни қурбонлар сони 14 тага етган. Мингдан ортиқ бинога зиён етган. Зилзила 7 километр чуқурликда содир бўлган.
Изоҳ (0)