Франция Ўзбекистон қовун ва анорларига нисбатан тақиқларни бекор қилди. Бу ҳақда Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди, деб ёзади Spot.
Бунга ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Франция Қишлоқ хўжалик вазирлигида ўтказган музокаралардан сўнг эришилди.
«Айни пайтда республика Францияга хом ашё бўлмаган экспортини кичик ҳажмларда амалга оширмоқда. Бу ички маҳсулотнинг талабчан Европа бозорига чиқиши мураккаблигига боғлиқ. Биз стандартларимизни Европа Иттифоқи талабларига мувофиқлаштириш йўли билан ўзбек маҳсулотларининг Европа бозорларига чиқишини максимал даражада осонлаштириш учун Европа Иттифоқи, шу жумладан, Франция билан музокаралар олиб бормоқдамиз. Шу йўл билан мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотларининг мавжуд салоҳиятини рўёбга чиқаришимиз мумкин», — дейди Жамшид Хўжаев.
Сафар давомида вазир, шунингдек, сарҳил маҳсулотларнинг дунёдаги энг йирик улгуржи бозори «Ранжис»га ташриф буюрди.
Изоҳ (0)