Ўзбекистонда Crowdfunders.uz краудфандинг (янги лойиҳага интернет орқали ҳомийларни жалб қилиш) платформаси ишга туширилади, дея Spot хабар бермоқда.
Платформа илк 15 та лойиҳа учун ариза қабул қилингандан кейин ишга тушади. Дастлабки 50 та муаллиф ўз лойиҳаларини реализация қилишда мутахассислардан бепул ёрдам олишади.
5 та лойиҳа сараланиб, улар бўйича видео ишланади ва шу орқали уларнинг муаллифларига платформа орқали маблағ тўплашга ёрдам берилади. Шунингдек, барча муаллифларга патентни рўйхатдан ўтказишга кўмаклашилади.
Лойиҳани рўйхатдан ўтказиш учун сайтда ариза тўлдирилади. Лойиҳа учун масъул менежер тайинланади ва у ғояни сайтда эълон қилишга ёрдам беради. Платформа муаллифлар маълумотларининг сир сақланишини кафолатлайди.
Платформа краудфандингдан ташқари, муаллифларга краудинвестинг (лойиҳага ҳисса қўшиш орқали компания инвесторига айланиш) билан шуғулланишни ҳам таклиф қилади.
Ҳар бир муваффақиятли якунланган лойиҳадан платформага йиғилган маблағнинг 10 фоизи берилади. Хайрия лойиҳаларидан платформа улуш талаб қилмайди.
Бу Ўзбекистондаги биринчи краудфандинг платформаси эмас. Масалан, 2013 йили Ўзбекистонда Factor.uz платформаси яратилган, бироқ 2014 йили фаолиятини тўхтатган.
Изоҳ (0)