2017 йилнинг кузида Тошкент шаҳар Олмазор туманида уч қизалоқнинг ўлими катта шов-шувларга сабаб бўлган. На ота-она, на суд қизларнинг аслида нимадан вафот этганини ҳануз аниқлай олгани йўқ, деб ёзмоқда «Nuz.uz».
2017 йилнинг 8 ноябрини Дилдора ва Зиёвуддин Мўминовлар кечагидай эслайди.
— Тунги соат 3:30 да қизларнинг аҳволи оғирлашди, учаласи ҳам тинмай қайт қилар эди, — дейди Зиёвуддин Мўминов. — Кун ёришишини кутиб, эрталаб уларни 21-поликлиникага олиб бордим. Шифокор Одилова уларнинг нима егани ҳақида сўради. Мен уларнинг уйда ош еганини айтдим. Икки кун илгари кафеда кабоб олиб бергандим. Шифокор ошқозон дисфункцияси ташхисни қўйиб, «Креон», «Смекта», «Серукал» дориларини ёзиб берди ва бизни уйга жўнатиб юборди. Шунингдек, шифокорлар эртаси куни қон таҳлилини топшириш учун келишни айтди. Рўйхатда келтирилган дориларнинг ҳаммасини сотиб олдим. Пешинга бориб қизларнинг аҳволи яхшилангандай бўлди. Бироқ кечга бориб яна мазалари қочишни бошлади. Шунда биз зудлик билан Олимпия массивидаги Республика педиатрия шифохонасига бордик.
Жиноий ишлар бўйича Олмазор туман судининг протоколида ёзилишича, болалар соат 21:50 да шифохонага келтирилган. Қизларнинг кичиги — Моҳирани отаси қўлида кўтариб келган. У аллақачон клиник ўлим ҳолатига тушиб бўлган эди. Уни дарҳол жонлантириш бўлимига юборишган. Муниса ва Мухлиса ҳали юришга қодир эди. Уларнинг тана ҳарорати юқори, шунингдек, юрак уриши тезлашган эди. Навбатчи шифокор Тўлаганов Дексаметазон уколини ёзиб берган. Бироқ 4 ёшли Моҳирага бу кор қилмаган ва у 20 дақиқадан кейин жонлантириш бўлимида ҳаётдан кўз юмган.
— Қизимнинг лаблари кўкарди, ўзи эса оқариб кетди, — дейди Зиёвуддин Мўминов. — Мен уни қўлларимда кўтариб борар эдим. Қизим ўлаётган эди. Кенжа қизимнинг юраги уришдан тўхтаганида шифокор бунинг бирор жиддийроқ сабаби борлигини англаб етди. Шифокор Тўлаганов «Тез ёрдам» чақирди ва қизларни зудлик билан Учтепа туманидаги инфексион касалликлар шифохонасига олиб боришни айтди. Мен педиатрия шифохонасида қолдим, рафиқам эса катта қизларимизни олиб инфексион касалликлар шифохонасига кетди.
Соат 22:30 да инфексион касалликлар шифохонасига етиб келган она ва унинг икки ўлаётган қизчаси дарров қабул қилинмади. 6 ёшли Мунисанинг силласи қуриб бўлган эди. Уни Дилдора Мўминова билан биргаликда шифохонага келган қўшниси қўлида кўтариб олган. 7 ёшли Мухлиса ҳали мустақил юра олаётган эди. Ҳужжатларни расмийлаштирган навбатчи шифокор Мустафоева болаларни бўлимга олиб кириб кетган. Онага эса қабулхонада кутиш айтилган. Бир соат ўтгач, шифокор бу касаллик бўйича уларда мутахассис йўқлигини айтган. Бироқ қизларга қандай ташхис қўйилганини шифокор айтмаган. Яна 2 соат ўтиб, 1:20 да Мунисанинг юраги уришдан тўхтаган. 3:30 да Мухлиса ҳам ҳаётдан кўз юмган. Фарзандларининг ўлими ҳақида Дилдора эрталаб хабар топган.
Шифокорлар бир кунда вафот этган уч қизнинг ҳеч бирига аниқ ташхис қўя олмаган. Суд-тиббиёт экспертизаси мутахассислари ҳам ўлим сабабини аниқлай олмаган. Ваҳоланки, тергов ва суд жараёни давомида уч маротаба экспертиза ўтказилган. Шу кунга қадар озиқавий заҳарланишни «Энам» дори воситаси келтириб чиқаргани асосий тахмин бўлиб қолмоқда. Бироқ қизларнинг ота-онаси бу тахмин суд-тиббиёт экспертлари ва терговчилар томонидан осмондан олинган, деб ҳисоблайди. Суд ва мутахассислар ҳам бу фикрни маъқуллаган.
16 ноябрь куни ўтказилган суд-тиббиёт экспертизаси хулосасига кўра, қизлар «Энам» дори воситасини қабул қилганидан кейин вафот этган. 25 декабрь куни ўтказилган такрорий экспертиза болаларнинг қонидан бензолдикарбон кислотасини аниқлаган. Яъни, шифокорлар Г.Одилова ва Н.Тўлагановлар қизларни зарур текширувдан ўтказмаган, шифохонага йўлланма бермаган, жонлантириш бўлимига ётқизмаган, бу билан қизларни қутқариш мумкин бўлган вақт қўлдан бой берилган.
Суд ҳайъати прокуратура томонидан олиб борилган терговда қизларнинг ўлимини келтириб чиқарган асл сабаблар аниқланмаган, деб топган. Шунингдек, суд вакилларини икки экспертиза натижаларининг бир-биридан бу қадар кескин фарқ қилиши таажжубга солган. Натижада суд учинчи суд-тиббиёт экспертизасини ўтказишга кўрсатма берган. Учинчи экспертиза болаларнинг «Энам»дан заҳарланганини аниқлаган.
Суд жараёнида гувоҳ сифатида қатнашган Республика суд экспертизаси маркази мутахассиси қизларнинг қонида «Энам» дори воситаси аниқланмагани, буни ўша вақтда лаборатория мудирига айтгани ҳақида кўрсатма берган. Ўз навбатида, лаборатория мудири экспертиза ўтказилаётганидан хабардор бўлган, бироқ унинг натижалари билан қизиқмаган.
Суд-тиббиёт экспертизаси асосий бюроси мутахассиси қизлардан олинган қонни текшириш учун берган, оғзаки равишда бу ҳақда ходимларига айтган. Бироқ бюро мутахассиси қизларнинг қонида «Энам» бор, деб ҳисоблагани учун натижалар билан қизиқмаган.
Тиббиёт академияси шифокори, экспертлик комиссияси аъзоси қизларнинг «Энам»дан ўлган бўлиши мумкин эмаслигини айтган. Бунинг учун уларнинг ҳар бири 10—12 тадан таблетка қабул қилиши керак эди. Мўминовларнинг уйидаги дорилар қутисида эса бор-йўғи 4 та «Энам» таблеткаси топилган. Дорининг бўш идишлари эса аниқланмаган.
Тиббиёт фанлари доктори, Самарқанд тиббиёт институти ходими ҳам болаларнинг «Энам»дан ўлган бўлиши мумкин эмаслигини тасдиқлаган. Негаки, дорининг таъсир қилиш вақти 4 соатни ташкил қилади.
Суд мутахассислар фикрини ҳисобга олган ва болалар ўлимининг асл сабаби ҳозиргача аниқланмаганини тан олган. Шунингдек, суд ҳар учала экспертизани ўтказишда масъулиятсизликка йўл қўйилган, деган хулосага келган. Бундан ташқари, суд тергов давомида инфексион касалликлар шифохонаси ходимларининг ҳаракатлари тўлиқ ўрганиб чиқилмаган, деб топган. Негаки, тергов жараённинг асосий қатнашчилари поликлиника шифокори Одилова ва педиатрия шифохонаси ходими Тўлаганов эди. Бироқ суд инфексион касалликлар шифохонаси ходимларининг ҳаракатларида бир қанча қарама-қаршиликлар бор, деган хулосага келган. Шифокорларнинг таъкидлашича, қизлар ўта оғир аҳволда келган. Бошқа гувоҳларнинг кўрсатмаларига қараганда эса Мухлиса ўзи юриб келган, Мунисанинг аҳволи эса оғирлашган ва уни Мўминовларнинг қўшниси кўтариб келган. Бироқ иккала қиз ҳам ҳушини йўқотмаган, иккиси ҳам бемалол гапирар эди.
Судда кўрсатма берган экспертлардан баъзилари икки қизни қутқаришнинг имкони бор бўлгани, бироқ шифохонада керакли мутахассислар бўлмаганини айтган. Узтелеком компанияси берган маълумотларга қараганда, навбатчи шифокор опа-сингиллардан бирининг вафотидан кейингина токсикологга қўнғироқ қилган.
Суд қизларнинг ўлими сабаби аниқланмаган, суд-тиббиёт экспертизаси керакли даражада ўтказилмаган, зарур гувоҳлар кўрсатмалари тингланмаган, деган хулосага келган. Натижада Тошкент шаҳар прокуратурасига тергов ишини давом эттириш топширилган.
Фожиали вафот этган қизларнинг ота-онаси — Дилдора ва Зиёвуддин Мўминовлар «Энам» билан заҳарланиш тўғрисидаги тахминни инкор қилмоқда, негаки уларнинг уйида ҳеч қачон бу дори катта миқдорда бўлмаган. Қизлари ўлган вақтда Дилдора ҳомиладор эди. Ҳозирда Мўминовларнинг бир қизи бор. Улар тергов жараёни қизларининг аслида нимадан вафот этганини аниқлаб беришини кутмоқда.
Изоҳ (0)